Принтердаги нуқсон сотувчининг ҳисобидан бартараф этилди
Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари Қўшчинор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Э.Абдурахимовнинг кредит савдо дўконидан олинган товарда нуқсон чиққанлиги ва сотувчининг мазкур нуқсонни бартараф этиш чораларини кўрмаётганлиги ҳолати юзасидан қилган мурожаатини ўрганиб чиқдилар.
Истеъмолчи 2022 йилнинг январ ойида тумандаги кредит савдо дўконидан HP TANK 315 русумли принтерни 2 473 044 сўмга, товар нархини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олади. Лекин феврал ойига келиб принтерда нуқсон кузатилади. Истеъмолчи бу ҳақдаги ўз эътирозлари билан дўкон масъулларига мурожаат қилади. Бироқ унинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетади. Шундан сўнг у жорий йилнинг 17 март кунида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлвари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилади.
Мурожаатни ўрганиш давомида, истеъмолчи билан учрашилиб, ҳолатга аниқлик киритиб олингандан сўнг, дўкон масъулларига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4, 11, 13 ва 15-моддалари мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилиб, қонун ижросини таъминлаш бўйича талаблар қўйилди.
Хусусан, қонуннинг 15-моддасига асосан, истеъмолчи кафолат муддати ичида топилган нуқсонлар юзасидан сотувчига ўз қонуний талабларини қўйгандан сўнг, сотувчи 20 кун муддат ичида мазкур талабларни қаноатлантириш, яъни товар нуқсонларини бепул бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши лозим эди. Мазкур муддатларга амал қилмаслик эса сотувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаш мажбуриятини ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Мурожаатни ўрганиш дорасида олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижаси ўлароқ, принтерда нуқсонли ишлаш сабабини келтириб чиқарган эҳтиёт қисмини алмаштириб берилишига ва бунинг учун сарфланган 600 000 сўм ҳаражат сотувчи ҳисобидан қопланишига эришилди.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment