Шаҳар жамияти раиси тиббиёт ходимлари билан учрашди
Марғилон шаҳар жамияти раиси томонидан шаҳардаги 7-оилавий поликлиникада ташкилланган Федерация таянч гуруҳи аъзолари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда Федерация аъзоларининг истеъмолчилик соҳасига оид муаммо ва таклифлари ҳамда уларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари тингланди.
Учрашувда сўз олганлар асосан коммунал соҳа ташкилотларида нореал қарздорликларга йўл қўйилаётгани, кредит олиш ва кредитга маҳсулот сотиб олишда юзага келаётган муаммолар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Шундай мурожаатлардан бири поликлиника ҳамшираси Р. Эрматова томонидан билдирилди. Унга кўра, уларнинг яшаш хонадонида ўрнатилган сув ҳисоблагич ускунасининг давлат қиёсловидан ўтказиш муддати етиб келганлиги сабабли қиёсловдан ўтказдиришгани, лекин шундан сўнг сув таъминоти идораси масъуллари томонидан ташкилот тамғасини ўз вақтида қайта рўйхатга киритиб берилмагани оқибатида 824000 сўм миқдоридаги қарздорлик юзага келган. Ушбу мурожаат шу жойнинг ўзида тегишли равишда қайд қилиб олиниб, жамият мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши учун йўналтирилди.
Шунингдек, учрашув доирасида қўшимча ўрганишни талаб қилмайдиган мурожаатлар ҳамда соҳага оид саволлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бериб ўтилди. Шубҳасиз, бу каби учрашувлар Федерация ва унинг аъзолари ўртасидаги доимий алоқани таъминланишига ва янада мустаҳкамланишига омил бўлиб хизмат қилади.
Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment