Марғилон шаҳар жамияти фаолиятидан

Марғилон шаҳар жамияти фаолиятидан

Маълумки, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида istemol.uz расмий сайтида вертуал қабулхона, республика бўйича ягона 1091 қисқа рақамли ишонч телефони ва телеграм мессенжерида телеграм бот (PotrebitelUz_bot) фаолияти йўлга қўйилган. Шунинг билан биргаликда фуқаролар ўзлари яшаб турган ҳудуд бўйича республикамизнинг туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига ҳам ўзларининг ёзма, оғзаки ва электрон мурожаатларини юборишлари мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари ҳам юқори турувчи идоралардан ва бошқа ташкилотлардан тегишлилиги бўйича келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиб ҳал қилиш баробарида, шаҳар жамиятига ташриф буюрган фуқароларнинг ҳам мурожаатларини тегишли тартибда кўриб чиқиб, уларни ҳал қилиш чора-тадбирларини кўриб бормоқдалар. Шунинг баробарида, қўшимча ўрганишни талаб қилмайдиган ва Федерация фаолиятига боғлиқ бўлмаган мурожаатлар бўйича фуқароларга шаҳар жамиятида ташкилланган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхонаси воситасида бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Хизмат тақозоси билан шаҳар жамиятига ташриф буюрганимизда, фуқаро С.Раҳимовнинг чет тилларни ўргатишга ихтисослаштирилган Book Оne китобларига берган буюртмаси бўйича шартномада келишилган шартлар бажарилмаганлиги сабабли 600 000 сўм пулини қайтариб олинишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳал қилиниб, фуқаро шаҳар жамияти ходимларига миннатдорчилик хати ёзиб бераётган экан. Шундан сўнг, шаҳар жамияти раиси А.Нўмонов истеъмолчи М.Азизов билан суҳбатлашди. Фуқаронинг сўзларига кўра, у Ҳамроҳ кредит уйидан хонадонида фойдаланиш учун 5 миллион 61 минг сўмга музлатгич сотиб олган, лекин музлатгич муайян вақт ишлатилгач унда нуқсонлар юзага келган. Истеъмолчи билан суҳбатдан сўнг мазкур мурожаат ҳам тегишли тартибда қайд қилиниб, жамият раиси резолюцияси билан ходимга тегишли тартибда ўрганиб чиқиб, ҳал қилиниши учун топширилди.

Шу орада шаҳарда истиқомат қилувчи яна бир фуқаро П.Тиллабоева ҳуқуқий маслаҳат сўраб келиб қолди. Мутахассислар уни тинглагач, ушбу масалада ариза билан мурожаат қилиниши лозим бўлган идоранинг манзилини ва уларга қандай боғланишни тушунтирдилар ҳамда агар лозим кўрса ушбу идорага ёзма равишда мурожаат қилиши учун ариза ёзилишида ёрдам кўрсатишлари мумкинлигини ҳам айтиб ўтдилар. Фуқаро шу ерни ўзида аризани ёзиб олишида ёрдам сўрагач, жамият мутахассиси фуқарога ёзма мурожаат тайёрланишида услубий ёрдамини кўрсатди.

Шундан сўнг, жамият раиси ва мутахассисларидан бири билан режада белгиланган ташкилотларга тарғибот тадбирини ўтказишга чиқиб кетдик.

Биз Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фаолиятига қисқагина назар ташлаб ўтдик, холос. Шаҳар жамияти ходимлари юқоридаги каби ишлар билан ҳар куни, ҳар соатда банд. Уларга эса бу борадаги ишларига омад тилаб қоламиз.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Post Comment