Фарғонада истеъмолчилар халқаро ташкилотини тузиш ишига тамал тоши қўйилди
Кишилик жамиятида инсоннинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар истеъмолчи экани ҳамда дунёда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг кенг қулоч ёйганлиги назарда тутилса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўз фаолиятида халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиб келаётгани бежизга эмаслигини англаш мумкин. Бугунги кун талаблари ва юзага келган шароит бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришни, халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилашни тақозо қилмоқда.
Албатта, бу ишларнинг замирида халқимизнинг бутунжаҳон истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатида муносиб иштирок этиб бориши ҳамда бу борада илғор бўлган давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда юртимизда соҳани янада ривожлантириш каби эзгу мақсадлар ётади. Қозоғистон Истеъмолчилар миллий лигаси вакилларининг юртимизга ташрифи ҳам ана шу йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг бир кўринишидир, десак мубола бўлмайди.
Аввалроқ хабар берганимиздек, Қозоғистон Истеъмолчилар миллий лигасининг ташкилот бошқаруви раиси Светлана Романовская бошчилигидаги делегацияси юртимизга ташриф буюриб, меҳмонлар Самарқанд ва Наманган шаҳарларида бўлишган ҳамда юқоридаги ҳудудларнинг ишлаб чиқариш, экспорт, туризм салоҳияти билан яқиндан танишган эдилар.
Самарқанд шаҳрида Федерациянинг мазкур вилоятга чегарадош вилоятлардаги ҳудудий ижро этувчи аппаратлари раҳбарлари иштирокида “Самарқанднинг туризм салоҳиятини янада оширишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ҳам ўтказилган эди. Тадбир доирасида мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик, шунингдек истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилиб, Қозоғистонлик қардошларимизнинг бу борада амалга ошираётган ишлари юзасидан тажрибалари ўртоқлашилди.
Шундан сўнг қозоғистонлик ҳамкасбларимиз Наманган вилоятида бўлдилар. Бу ерда улар текстиль соҳасида ютуқларга эришаётган саноат корхоналарида бўлишиб, мазкур корхоналарда ташкил қилинган иш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Наманганнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда туризмни ривожлантириш имкониятлари уларда катта таассуротлар қолдирди.
Меҳмонларнинг Фарғона вилоятига ташрифи Марғилон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Атлас байрами” миллий матолар фестивали кунларига тўғри келгани ҳам айни муддао бўлди. Улар дастлаб шаҳардаги “Ёдгорлик” фабрикаси фаолияти билан танишгач, Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида ташкилланган фестивал тадбирларида ҳам қатнашдилар.
Куннинг иккинчи ярмида Фарғона шаҳрида Федерациянинг водий вилоятларидаги ҳудудий ижро этувчи ташкилотлари раҳбарлари иштирокида “Марказий Осиёда истеъмолчилар халқаро ташкилоти фаолиятини ташкил этиш истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида Марказий Осиё ҳудудида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг бошини бир жойга қовуштириб, уларнинг манфаатларини халқаро майдонда илгари сурувчи ташкилот – ҳозирча шартли номи Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари халқаро ассоциациясини тузиш масалалари муҳокама қилинди. Эътиборлиси, мазкур халқаро ташкилотга аъзоликнинг нафақат Марказий Осиё минтақасидаги давлатларнинг ташкилотлари учун, балки бошқа минтақаларда жойлашган давлатлар ташкилотлари учун ҳам очиқ бўлишидадир. Булар, албатта, келгусидаги режалар.
Лекин ҳозирда бу хайрли ишнинг биз учун энг муҳим жиҳатларидан бири, бу қўшни, қардош халқларнинг бугунги куннинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш йўлида янада яқинлашиб, бирлашиб ҳаракат қилишга интилаётганидир. Бизни қувонтирадиган яна бир жиҳати эса ушбу хайрли ишга тамал тоши айнан Фарғонада қўйилаётганида.
Меҳмонлар эртага Олтиариқда узумчилик ва мева-сабзавотларни сақлаш фаолиятини ривожлантириш бўйича ишлар, шунингдек риштонлик уста кулолларнинг фаолияти билан танишиш асносида ташриф якунлари бўйича масалаларни муҳокама қилиш учун Тошкент шаҳрига йўл оладилар.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment