Абонент ҳисоб рақамидаги чалкашликлар бартараф қилинди

Абонент ҳисоб рақамидаги чалкашликлар бартараф қилинди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Жўйдам” маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи, Федерациямиз аъзоси А.Д.нинг сув таъминоти корхонасидаги абонент ҳисоб рақамидаги чалкашликлар масаласидаги мурожаати ўрганилди.

Шаҳардаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида меҳнат фаолияти олиб борувчи ушбу мурожаатчининг сўзларига кўра у сув таъминоти корхонасидаги ҳисоб рақамига тўловларни мунтазам равишда амалга ошириб турсада унга ичимлик сувидан бўлган қарздорликни бартараф қилиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантиришлар келаверган. Ушбу масалада сув таъминоти корхонаси масъулларига учрашганидан сўнг ҳам масала тўлиқ ҳал бўлмасдан пайсалга солиб келинган.

Мурожаат “Фарғона сув таъминоти” МЧЖнинг шаҳар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўрганилганда ушбу чалкашликларни келиб чиқишига бўлимнинг оператор-биллинг базасига А.Д.нинг яшаш манзили ва кадастр маълумотлари нотўғри бирикиб қолганлиги сабаб бўлганлиги маълум бўлди. Ўрганиш ишлари давомида абонентнинг ҳисоб рақамидаги мазкур хатоликлар тўғриланиб, муаммо тўлиқ бартараф қилинди.

Ҳурматли истеъмолчилар, шу ўринда “O`zsuvta’minot” акциядорлик жамиятининг uzsuv.uz расмий сайтида ичимлик суви истеъмолчиларининг шахсий кабинетлари ташкилланганлигини, бу ерда рўйхатдан ўтиб ўз ичимлик суви етказиб берувчи корхонангизда очилган шахсий ҳисоб рақамингиздаги ўзгаришларни доимий ва онлайн тарзда кузатиб, назорат қилиб боришингиз мумкинлигини ҳам эслатиб ўтамиз.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin