Базага кирмасдан қолиб кетган тўлов суммаси истеъмолчининг коммунал идорадаги ҳисоб рақамига ўтказдириб берилди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ғ. Н. ичимлик суви учун таъминот корхонаси ҳисоб рақамига тўланган маблағнинг шахсий ҳисоб рақамида акс эттирилмасдан қолаётганлиги борасидаги мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчи маълум қилишича, унинг ўз яшаш хонадони ичимлик суви учун 2021 йил 30 апрел куни “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Марғилон шаҳар филиалига келиб амалга оширган 200 000 сўм тўлови шу пайтга қадар корхонанинг электрон базасига киритилмасдан қолиб кетган. Масалани ўз кучи билан ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари самара бермагач, шаҳар жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Мурожаат ижрога қаратилиб, ўрганиш ишлари олиб борилиши давомида ичимлик суви таъминоти корхонасига ташриф буюрилиб, мутахассислар ҳамкорлигида ҳолатга ойдинлик киритилганида, ўша пайтда ушбу масалага масъул ходимларнинг эътиборсизлиги сабаб, амалга оширилган тўлов тасдиқланмай қолиб кетганлиги маълум бўлди. Ўрганиш ишлари доирасида корхонадан истеъмолчи амалга оширган тўлов унинг ҳисоб рақамига ўтказилганлиги тўғрисида расмий жавоб хати олинди.
Мурожаатни ўрганиш ишлари давомида томонларга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик мазмун-моҳияти тарғиботи олиб борилди. Мурожаати бўйича олиб борилган ишлар якунларидан қониқиш ҳосил қилган истеъмолчи жамият ходимларига ўз миннатдорчилигини изхор қилди.
Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment