Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилинган товар нуқсон сабаб сотувчига қайтарилди
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига оғзаки равишда мурожаат қилган туманнинг “Найман” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М. М. онлайн дўкондан буюртма қилиб сотиб олинган 2 дона мини камерани нуқсонли чиққанлиги туфайли пулини қайтариб олишида амалий ёрдам сўраган.
Мурожаатни ўрганиш давомида мини камералар 2023 йил 26 июл куни онлайн дўкондан буюртма қилиниб сотиб олинганлиги, истеъмолчи камералар учун жами 206 000 сўм тўлаганлиги, товар Қ. С. исмли шахс томонидан етказиб берилганлиги, харид қилинган камералар нуқсонли чиққанлиги маълум бўлди.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 28 прим 1-моддасида, товарларни (ишларни, хизматларни) ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиблари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра ушбу тизимлар орқали товарларни реализация қилувчи субъектларга бир қатор талаблар қўйилади. Шунингдек, истеъмолчи шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эгалиги, шартнома бекор қилинганда товар учун тўланган пулни истеъмолчига қайтарилиши йўл-йўриқлари кўрсатиб ўтилади.
Истеъмолчи мурожаати амалдаги қонунлар талаблар асосида ўрганилиши жараёнида товарни етказиб берган шахс билан боғланилиб, унга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтиришлар берилди. Натижада мини камера учун тўланган 206 000 сўм пул маблағи истеъмолчига қайтарилиб, муаммо ижобий ҳал этилди.
Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти бош мутахассиси.
Post Comment