Иссиқлик таъминоти тизимига уланмаган хонадон эгасига қарздорликни бартараф қилиш бўйича смс хабарнома келган
Марғилон шаҳар “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи М. С.нинг иссиқлик таъминоти корхонаси томонидан хонадонига ҳисобланган қарздорликдан норози бўлиб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати масаланинг ҳудудий тегишлилиги бўйича Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилди.
Жамият мутахассислари ўрганиш ишлари давомида М. С. яшайдиган кўп қаватли уйга ташриф буюрганларида, хонадон иссиқлик таъминоти тизимига уланмаганлиги (хоналарда иссиқлик қувурлари ва батареялари ўрнатилмаган), фақатгина юқори қаватга иссиқлик тизимининг пластик қувури (стояги) ўтганлиги кузатилди. Фуқаронинг айтишича, унинг телефон рақамига иссиқлик таъминоти корхонасидан 286 000 сўм қарздорлик мавжудлиги ва уни бартараф қилиниши сўралган СМС хабарнома келган.
Мурожаатда кўрсатилган важларга аниқлик киритиш мақсадида иссиқлиқ таъминоти корхонасининг шаҳар бўлимига юзага келган ҳолат бўйича амалдаги қонунчилик талаблари, унга кўра истеъмолчи ҳуқуқларини ўзида акс эттирган сўров хати киритилди. Мазкур ташкилотдан ҳолат жойига бориб ўрганилганлиги, истеъмолчи хонадонининг ҳақиқатда ҳам тармоққа уланмаганлиги ва шу асосларда қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказилганлиги, фуқарода иссиқлик таъминоти тўловларидан қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида расмий жавоб хати олингач, фуқарога ўрганиш ишлари якунларига кўра, унинг иссиқлик таъминоти бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисида маълум қилинди.
Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.
Post Comment