Товар таъмирланиши жараёнида ўрнига фойдаланиб туриш учун айни шундай товар бериб турилишидан хабарингиз борми?

Товар таъмирланиши жараёнида ўрнига фойдаланиб туриш учун айни шундай товар бериб турилишидан хабарингиз борми?

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган О.О. кредит дўконидан муддатли тўлов шартларида харид қилинган телефонда нуқсон аниқлангач, сотувчининг тушунтириши билан, уни сервис марказига олиб борганлигини, сервис марказидагилар телефонни бир ҳафта муддат ичида тузатиб беришларини айтганликларини маълум қилиб, телефонни иложи борича тезроқ муддатда таъмирланишида амалий ёрдам сўрайди. Албатта, масалага шаҳар жамияти аралашуви билан таъмирлаш ишлари тез муддатда бажарилиб, уяли алоқа воситаси истеъмолчи қўлига топширилди, лекин …

Кундалик турмуш жараёнида кўпчилигимиз узоқ муддат фойдаланиладиган товарда нуқсон аниқланиши ва ундаги нуқсонларни ишлаб чиқарувчи, яъни унинг вакили бўлган сервис маркази томонидан бартараф этиб берилиши ҳолатига дуч келишимиз мумкинлигидан келиб чиқилса, ушбу ҳолатда қандай ҳаракатларни амалга ошириш кераклиги ҳақидаги билимлар барчамиз учун муҳимдир. Айтайлик, янгигина харид қилинган ва уйда ягона бўлган телевизоримиз бузилиб қолди, сервис маркази эса нуқсонларни баратараф қилишга бир ҳафтага яқин вақт кетишини айтди. Хўш, энди нима қилдик? Бир ҳафта телевизор кўрмаймизми ёки бирортасидан ижарага олиб турамизми? Йўқ, албатта.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 15-моддасида мана шу ҳолатга ечим бўладиган нормалар келтирилган. Унга кўра, агар товарда кафолат муддати ичида нуқсон аниқланса, нуқсон сотувчи томонидан 20 кун ичида, ишлаб чиқарувчи томонидан эса 10 кун ичида бепул бартараф этилиши керак. Шунинг биргаликда, узоқ муддат фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчига айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади. Лекин ушбу талабни истеъмолчи сифатида Сиз қўйишингиз керак бўлади. Ана шунда юқоридаги фуқаро каби бир ҳафта телефонсиз нима қилдим энди, деб турли идораларга мурожаат қилишга ёки бизнинг мисолимиздаги каби уйда ягонагина бўлган телевизорни таъмирлагунларига қадар хонадонимизда телевизорсиз ўтиришга ҳожат қолмайди.

Фақат бунда бир ҳолатга эъибор қаратинг! Яъни бунда узоқ муддат фойдаланиладиган товар Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2002 йилдаги 75-сонли қарори биан тасдиқланган Қоидаларнинг 2-иловасидаги “Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати”да турмаслиги керак. Бизнинг мисолимиздаги телефон ва телевизор эса ушбу рўйхатда турмайди.

Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin