Тилла буюмни сотувчига қайтариш мумкинми?
Сўзимизни бошида истеъмолчиларга шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2002 йилдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига мувофиқ, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар “Зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхати”га киритилган. Яъни бу каби буюмларни харид қилгач, истеъмолчи уларнинг қандайдир истеъмол хусусиятлари: ранги, шакли, ўлчами, фасони каби хусусиятлари ёқмаганлиги ёки мос келмаганлиги каби важлар билан уларни сотувчидан алмаштириб ололмайди (олди-сотди жараёнида сотувчи ва истеъмолчи ўртасида тузилган ёзма ёки оғзаки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
Бундай турдаги товарларни сотувчига қайтариш ёки уни алмаштириш учун товар ҳақида истеъмолчига нотўғри (ёлғон) ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган бўлиши ёхуд товарда қандайдир нуқсон бўлиши лозим, яъни уларда сотиб олунгунга қадар сотувчи томонидан қайд қилинмаган нуқсонлар аниқланган, давлат асиллик даражаси тамғаси ёки белгиланган намунадаги асиллик даражаси белгиси изининг заргарлик қотишмасининг ҳақиқий асиллик даражасига, буюм хусусиятининг пломбаланган ёрлиқ маълумотларига мос келмаганлиги каби ҳолатлардан бирига йўл қўйилган бўлиши керак бўлади.
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Олтиариқ туманида яшовчи М.Ш.нинг харид қилинган тилла буюмнинг сифати талабга жавоб бермаслиги юзасидан қилган мурожаати ҳам шундай мурожаатлардан биридир. Мурожаатни ўрганиш натижалари истеъмолчига товар ҳақида нотўғри маълумот берилганлигини, товар сотувчи томонидан айтилган даражадаги сифатда эмаслигини кўрсатди. Ўрганиш якуни билан эса шартнома бекор қилиниб, тилла буюм сотувчига, 4 600 000 сўм пул эса истеъмолчига қайтарилди.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.
Post Comment