Истеъмолчига сотилган ноутбукнинг техник параметрлари шартномадагидан фарқ қилиши маълум бўлди
Қува тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Гўзал” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Д.З.нинг муддатли тўлов шартларида харид қилинган ноутбукнинг техник имкониятлари шартнома шартларида кўрсатилган параметрларга мос келмаслиги сабабидан сотувчига қайтариб, унинг учун тўланган пулни қайтариб олишда ёрдам кўрсатилиши борасида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг маълум қилишича, у 2023 йилнинг декабр ойи охирларида сотувчи “Oltiariq new unversal” МЧЖ билан Lenovo русумли HDD (қаттиқ диск) ҳажми 1 терабайт ва шартнома қиймати бўлган 9 901 200 сўм бўлган ноутбукни бир йил давомида бўлиб тўлаш шартида муддатли тўлов шартномаси имзолаган. Шартномадан келиб чиқувчи бир ойлик тўлов суммасиниям амалга оширган. Лекин ноутбукни уйга келтириб, ундан фойдаланиш жараёнида HDD (қаттиқ диск) ҳажми 1 терабайт эмас, балки 256 гигабайт эканлигини сезиб қолгач, товарни сотувчига қайтариб олиб бориб топширади ва пулини қайтаришларини сўрайди. Лекин унинг қонуний талабларини қаноатлантириш ва пулни қайтариб бериш ишлари пайсалга солинади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, товар ҳақида нотўғри маълумот берилиши оқибатида зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиши мумкин. Туман жамияти мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш давомида сотувчи билан олиб борилган тушунтириш ишлари ва тўпланган ҳужжатларга кўра, истеъмолчининг сотувчи томонидан билибми, билмайми унга қаттиқ диск ҳажми шартномада кўрсатилганидан кичик бўлган ноутбук сотилганлиги тўғрисидаги даъвоси исботини топиб, ўртадаги олди-сотди шартномаси бекор қилинди ва истеъмолчи томонидан тўланган 825 100 сўмлик бир ойлик тўлов суммаси унга қайтарилди.
Феруза Умурзақова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment