Масала судга чиқарилиши арафасида сотувчи ва истеъмолчи ўртасида келишувга эришилди
Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шу тумандаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи А.У. томонидан бўлиб тўлаш шартларида харид қилинган мобил қурилмалар олди-сотди шартномасида кўрсатилганидан бошқа русумда бўлиб чиққанлиги тўғрисида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига қилинган мурожаат ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида тумандаги “Технопарк” савдо дўконидан шартномада номлари RedMi 11 тарзида келтирилган ва шартнома нархи 8 700 000 сўм бўлган 2 та мобил қурилмани харид қилиб, ундан фойдаланиб юрган. Орадан маълум вақт ўтиб телефонларни сотмоқчи бўлганида харидорлар унга қурилма RedMiнинг 11-эмас, балки 10-авлодига тегишли эканлигини айтишади. Шундан сўнг сотувчи ҳузурига келган истеъмолчи ушбу масалани сотувчи билан ўзаро ҳал қила олмаганларидан сўнг Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.
Мурожаат ўрганилиши жараёнида гарчи телефон қадоқ (коробка)ларида мобил қурилмалар русуми RedMi 11 ёзилган бўлсада, уларни ҳақиқатда RedMi 10 русумига тегишли эканлиги тасдиғини топди. Туман жамияти сотувчи билан масалани ечими бўйича бир тўхтамга кела олмаганларидан сўнг, уни суд ҳукмига ҳавола қилиш бўйича ҳужжатлар тайёрланиши жараёнида, сотувчи томони истеъмолчи билан келишувга эришганлигини маълум қилди. Келишувга кўра эса, сотувчи истеъмолчига мобил қурилмаларнинг нархи ўртасидаги фарқ суммасини тўлаб берди.
Сардорбек Мирзажонов,
туман жамияти раиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment