Нуқсонли сув иситгич мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди

Нуқсонли сув иситгич мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б.Б.нинг 2 500 000 сўмга харид қилинган сув иситгичда нуқсон аниқлангани, бу борада сотувчига қилинган мурожаат натижа бермаётганлиги юзасидан қилган ёзма мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига кўра, “Royal” русумли сув иситгич қурилмаси хонадонга келтирилиб, ўрнатиб ишга туширилган кунлариданоқ талаб даражасида ишламаган. Маиший техникада аниқланган нуқсон важи билан уни алмаштириш масаласида сотувчига қилинган мурожаатлари билан эса ижобий натижага эриша олмаган.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, товарда нуқсон аниқланиб, уни алмаштириш тўғрисида талаб қўйилса, сотувчи уни етти кунлик муддатда, агар товар сифатини қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса йигирма кунлик муддат ичида алмаштириб бериш чора-тадбирларини кўриши зарур. Акс ҳолда, истеъмолчида юқоридаги муддатлардан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) ундириб олиш ҳуқуқи вужудга келади. Ўрганиш давомида қонуннинг мазкур талаблари сотувчига тушунтирилиши билан истеъмолчидаги нуқсонли сув иситгични худди шу русумдаги мақбул сифатдагисига алмаштириб берилишига эришилди.

Фарходжон Хайдаров,
шаҳар жамияти раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin