Етти ярим миллион сўмлик буюртма бажарилмай келаётганлиги борасидаги муаммо бартараф қилинди
Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг Қуйқа қишлоғида яшовчи Қ.А.нинг хонадонига янги дарвоза ўрнатиш учун берилган буюртмасини бажариш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи туман жамиятига қилган мурожаатида хонадонига янги дарвоза ясаб ўрнатиб берилиши учун устага буюртма берганлиги, буюртма бўйича тўланиши керак бўлган 7 500 000 сўмни ҳам тўлаб берганлигини, лекин орадан икки ой ўтса ҳамки буюртма бўйича ишлар бажарилмасдан келаётганлигини маълум қилади.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатларда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи шартномадан воз кечишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Шунингдек, иш бажаришни бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда истеъмолчида ижрочидан буюртма баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) ундириб олиш ҳуқуқи ҳам вужудга келади. Мурожаатни ўрганиш давомида ижрочига қонуннинг мазкур талаблари тушунтирилиши билан истеъмолчи буюртма қилган дарвоза тайёрланиб, хонадонига келтириб ўрнатиб берилди.
Дилором Мирзаева,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment