Қарздорликни асоссиз эканлиги бўйича истеъмолчи томонидан келтирилган важлар асосли бўлиб чиқди
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Миндонобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.А.нинг ичимлик суви таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган 1 706 656 сўм қарздорликдан норози бўлиб, ҳолатга ойдинлик киритиб берилиши ва муаммони қонуний ҳал этилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида унинг томонидан ичимлик суви истеъмол учун амалга оширилган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилиб чиқилди. Ҳолат юзасидан “Фарғона сув таъминоти” АЖ Фарғона туман филиалига алоқа хати киритилди. Корхонадан олинган жавоб хатида маълум қилинишича, истеъмолчида қарздорлик истеъмол кўрсаткичларини ҳар ойнинг 5-санасига Биллинг базасига ўз вақтида киритиб борилмаганлиги оқибатида юзага келган бўлиб, олиб борилган қайта ҳисоб-китоб натижаларига кўра, истеъмолчида қарздорлик мавжуд эмас.
Ўрганиш якунлари билан истеъмолчига юзага келган асоссиз қарздорликни бартараф этилганлиги, ичимлик суви таъминоти корхонаси олдида қарздорлиги мавжуд эмаслиги маълум қилинди.
Аброр Исақов,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment