Хорижлик савдогарнинг дўконида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарурий шароитлар яратиладиган бўлди
Марғилон шаҳрилик Х.Қ. шаҳар ҳудудидаги “Ипакчи буюм бозори” ҳудудида савдо-сотиқ фаолиятини олиб бораётган хитойлик тадбиркорга қарашли савдо дўконида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланишлари ва фойдаланишларии учун етарли имкониятлар яратилмаганлиги хусусида Рақобат қўмитасининг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қолдирган.
Аввало, Ўзбекистон Республикасида қонунлар, Президент ва Ҳукумат қарорлари билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинганлигини, улар билан эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг кўчада, транспортда, бинолар ичида ва жамоат жойларида хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун қулай муҳит яратиб бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган тавсия ва кўрсатмалар белгилаб берилганлигини таъкидлаб ўтишимиз лозим. Қонунчилик ҳужжатлари эса мамлакат ичида барча фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари, шунингдек улар томонидан ташкил қилинган юридик ва жисмоний шахс шаклидаги тадбиркорлик субъектлари учун ҳам бирдек амал қилади.
Юқоридаги мурожаатга қайтсак. Истеъмолчи 1-гуруҳ ногирони бўлган ва ногиронлик аравачасида ҳаракатланувчи онасини хитойлик тадбиркорлар томонидан очилган, икки қаватли савдо дўконига олиб кирган. Лекин ногиронлиги бўлган шахсларга бинонинг юқори қаватига кўтарилиш учун шароит (пандус, эскалатор ёки лифт) яратилмаганлиги сабабли иккинчи қаватга кўтарила олмаган.
Мурожаат ҳудудий тегишлилиги бўйича Федерациянинг Марғилон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида савдо дўкони менежери Чин Е билан учрашилиб, юзага келган ҳолат ва уни бартараф қилиш бўйича музокаралар олиб бориллиши жараёнида, хорижлик тадбиркор, улар мазкур бинода ижарада туриб фаолият олиб бораётганликларини, лекин шундай бўлсада қонунчилик талаблари ижросини таъминлаш мақсадида, бино мулкдори билан келишган ҳолда, 7 иш куни ичида ногиронлиги бўлган шахсларнинг юқори қаватга кўтарилишлари учун шароит яратиб берилишини ўз зиммасига олди. Ҳозирда мазкур йўналишда ишлар бошланган бўлиб, жамият ходимлари томонидан ишларнинг бориши назорат қилиб борилмоқда.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.



Post Comment