Маиший хизмат буюртмаси: нималарга эътибор бериш керак?

Маиший хизмат буюртмаси: нималарга эътибор бериш керак?

Кўпчилигимиз маиший хизматлардан — пойабзал таъмири, маиший техника созлаш, кийим тикиш ёки кимёвий тозалаш каби хизматлардан тез-тез фойдаланамиз. Аммо буюртма бериш пайтида ҳуқуқларимиз ва хизмат кўрсатувчининг мажбуриятларини ҳамма ҳам яхши билмайди. Шунинг учун “Буюртма қабул қилиш ва уни расмийлаштириш” қоидалари билан танишиб қўйиш фойдадан холи эмас.

Аввало, хизмат кўрсатувчи буюртмани қабул қилишда истеъмолчидан аниқ маълумотларни олиши шарт. Масалан, қандай хизмат кераклиги, буюмнинг ҳолати, ишнинг бажарилиш муддати ва нархи олдиндан келишиб олинади. Бу маълумотлар албатта ёзма шаклда расмийлаштирилиши керак. Яъни, сизга квитанция, буюртма-талон ёки чек берилиши шарт. Бу ҳужжат — сиз учун асосий ҳимоя воситаси.

Ҳужжатда хизмат кўрсатувчининг номи, манзили, буюртманинг санаси, ишнинг баҳоси ва топшириш муддати аниқ кўрсатилиши лозим. Агар буюмда аввалдан нуқсонлар бўлса, улар ҳам қайд этилади. Бу кейинчалик “айб кимда?” деган баҳсларнинг олдини олади.

Яна бир муҳим жиҳат — нарх. Агар хизмат баҳоси кейин ўзгариши мумкин бўлса, бу ҳақда истеъмолчи олдиндан огоҳлантирилиши шарт. Истеъмолчининг розилигисиз қўшимча ишлар бажарилиши мумкин эмас.

Хулоса қилиб айтганда, буюртма беришда ҳужжат талаб қилишдан уялманг. Бу — сизга қонун билан берилган ҳақ. Ҳужжат бор жойда адолат ҳам осонроқ таъминланади.

Ҳусниддин Мўйдинов,
Фурқат туман жамият раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin