Олдиндан тўлов асосида ишлайдиган ҳисоблагичли хонадонда қарздорлик бўлиши мумкинми?

Олдиндан тўлов асосида ишлайдиган ҳисоблагичли хонадонда қарздорлик бўлиши мумкинми?

Ўзбекистон тумани Янгиҳаёт қишлоғида яшовчи М.М. туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаатини шундай бошлайди:

– Мен 2015 йилда яхши ниятлар билан ўзим янги қурган уйга кўчиб ўтдим ва электр энергиясидан фойдаланиш ҳисобини юриитиб бориш учун DDSY-223-маркали чипли ҳисоблагич ўрнаттирдим. Шу пайтга қадар электрдан ҳеч қандай қарздорлик келмаганди. Лекин 2019 йилнинг сентябрь ойига келиб етказиб берилган электр энергиясидан 130 000 (бир юз ўттиз минг) сўм миқдорида қарздор эканлигим тўғрисида туман МИБ дан талабнома келди. Наҳотки, ахир ушбу ҳисоблагич картасига олдиндан тўловни амалга оширмасам электр энергиясидан фойдалана олмайманку, қандай қарздор бўлишим мумкин?

Ушбу мурожаат туман жамиятида расмийлаштирилгандан сўнг жамият ва туман электр таъминоти корхонаси ходимлари иштирокида ўрганув ишлари ўтказилди. Ўрганишлар истеъмолчига ҳисобланган қарздорлик асоссиз эканлигини кўрсатди. Ушбу ҳолат бўйича туман электр таъминоти корхонасидан йўл қўйилган хатолик бартараф этилганлиги, истеъмолчининг электр энергиясидан ҳеч қандай қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида ёзма маълумот олинди.

Шу ўринда, биз халқимизни электр энергияси билан таъминлашдек хайрли ишларнинг бошида турган соҳа мутассаддиларига юқоридаги каби ҳисоблагич ўрнатилган хонадонлардаги ҳисоблагичлар фақат олдиндан тўлов асосида ишлашини, агар ҳисоблагич картасига маблағ туширилиб, ҳисоблагич хотирасига юкланмаса, ушбу хонадон шундоқ ҳам электр таъминотидан узилиб қолишини, айрим ҳолатларни ҳисобга олмаганда, бундай хонадонлар электр энергиясидан қарздор бўлиб қолиши мантиққа ҳам тўғри келмаслигини эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз.

Зохиджон Эргашев

Ўзбекистон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin