Чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларидаги ҳисоб-китоб ва сифат муаммолари
Федерация тизим ташкилотларига аҳоли вакилларидан чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар томонидан кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ ҳисобланиши, махсус техниканинг келиш вақтлари бўйича белгиланган графикдан четга чиқиш ҳолатлари каби масалаларда мурожаатлар бўлиб турибди. Мурожаатларни ўрганиш давомида, аксарият ҳолатларда, истеъмолчилар томонидан келтирилган важларнинг асосли эканлиги қайд қилинмоқда.
Риштон туманида яшовчи истеъмолчи Й.А. ўғли С.Р. учун қуриб битказилган уй жойлашган маҳалланинг янгилиги, ўғлининг уйи атрофидаги аксарият қўшнилар томонидан уйлар қуриб битказилмаганлиги сабабли ушбу кўчада у ёлғиз яшаши, шу сабабли ҳам ушбу кўчага чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари кўрсатилмаслиги, бироқ шу кунларда ушбу уйни нотариус орқали олди-сотди қилиниши жараёнида “Тоза макон” биллинг базасидан мазкур хизматлар бўйича 162 000 сўм қарздорлик мавжудлиги ҳақида маълумот чиқиб келганлиги ҳолати юзасидан Бош прокуратурага мурожаат йўллаган.
Федерациянинг Риштон туман жамияти мутахассиси томонидан мазкур мурожаат ўрганилиши жараёнида туман ҳудудига чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларини кўрсатувчи корхонага сўров хати киритилганда, қарздорликнинг келиб чиқишига сабаб қилиб истеъмолчининг кадастр рақами бошқа маҳаллада яшовчи фуқаро Р.Б.га бирикиб қолганлиги, ўрганиш давомида мазкур хатоликлар бартараф қилинганлиги юзасидан жавоб хати олинди.
Ўзбекистон туманилик М.Ш. ўзлари истиқомат қиладиган Яйпан гузар маҳалласидан чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаганлиги, бу борадаги мурожаатлари эътиборсиз қолаётганлиги хусусида туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилган. Мазкур масалада ҳудудга чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларини кўрсатувчи корхонага киритилган сўровга эса техник сабаларга кўра истеъмолчи яшовчи кўчага хизмат кўрсатувчи махсус техникани кириш графиги ўзгарганлиги, шу сабабдан ҳам мазкур кўчада яшовчи аҳолига кейинчалик тўлиқ хизмат кўрсатилганлиги юзасидан жавоб хати олинди. Ўрганиш давомида хизмат кўрсатувчи томонига амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан тушунтириш ва огоҳлантиришлар берилган.
Юқорида келтирилган ҳолатлар чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларида ҳисоб-китобнинг шаффофлиги, хизмат кўрсатиш графикларига қатъий риоя этиш ҳамда маълумотлар базасидаги хатоликларни ўз вақтида бартараф этиш нақадар муҳим эканини кўрсатади. Истеъмолчиларнинг асосли мурожаатларига тезкор ва холис ёндашув, хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан қонунчилик талабларига сўзсиз амал қилиш фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга, аҳоли ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу борада жамоатчилик назорати ва мутасадди ташкилотларнинг ҳамкорлиги келгусида бундай муаммоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Хусниддин Латипов,
Дилшодбек Рассаев,
Риштон ва Ўзбекистон туман жамиятлари мутахассислари



Post Comment