Скутер сотувчига қайтарилди ҳамда муддатли тўлов шартномаси бекор қилинди

Скутер сотувчига қайтарилди ҳамда муддатли тўлов шартномаси бекор қилинди

Хабарингиз бор, илгарироқ “Йўл ҳаракати қоидалари”га киритилган ўзгартиришларга кўра, электромотоцикл, мопед ва скутерлар учун алоҳида фарқловчи давлат рақам белгилари жорий этилган, Ҳукумат қарори билан фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом тасдиқланган ҳамда мазкур турдаги транспорт воситаларини бошқариш учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб этилиши, уларни гувоҳномасиз бошқарганлар эса жаримага тортилиши белгилаб қўйилган эди.

Фарғона шаҳрилик М. Ж. кредит савдо дўконидан бўлиб тўлаш шартларида 18 190 000 сўмга скутер харид қилганида қонунчиликка киритилган юқоридаги талабларни ёки билмаган ёки унутиб қўйган. Хуллас, скутер харид қилиб бўлингач, гувоҳномасиз уни бошқаришнинг имкони йўқлигидан боши қотган истеъмолчи сотувчига товарни қайтариш ва шартномани бекор қилиш масаласида мурожаат қилган. Лекин томонлар ушбу масалада бирор келишувга эриша олмаган.

Истеъмолчининг мазкур масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг 1091 ишонч рақамига қилган мурожаати Фарғона шаҳар жамиятида ўрганилиши давомида жамият мутахассислари сотувчи томони масъуллари билан бу борада музокаралар олиб бордилар. Гарчи амалдаги қонунчиликка кўра, юзага келган ҳолатда сотувчи томонининг тарозиси босиб турган бўлсада, ўз имиджи ва мижоз талабини устун қўйган сотувчи шароит тақозоси туфайли фойдаланишнинг имкони бўлмаган товарни қайтариб олиб, муддатли тўлов шартномасини бекор қилиб берди.

Мансуржон Тошканов,
жамият мутахассиси.

Post Comment