Сифатсиз таъмирланган музлатгич бўйича мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилди

Сифатсиз таъмирланган музлатгич бўйича мурожаат истеъмолчи фойдасига ҳал этилди

Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро Э.Ж. томонидан музлатгични таъмирлаш хизмати сифати юзасидан қилинган мурожаат туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилиб, муаммо истеъмолчи манфаати асосида ҳал этилди.

Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро ўзининг “Samsung” русумли музлатгичини таъмирлаш учун устахонага топширган. Уста музлатгичнинг плата қисми куйганини билдириб, уни таъмирлаб берган ва хизмат ҳақи сифатида 170 минг сўм олган. Бироқ орадан уч кун ўтиб, музлатгич яна ишдан чиққан.

Истеъмолчининг таъкидлашича, қўйилган эҳтиёт қисм сифатсиз бўлгани сабабли носозлик қайта такрорланган. Фуқаро хизматни қайта сифатли қилиб бериш ёки тўланган маблағни қайтаришни талаб қилган. Аммо уста музлатгични яна таъмирлаш учун қўшимча 170 минг сўм тўлаш лозимлигини билдирган.

Мазкур мурожаат амалдаги қонунчилик талаблари асосида ўрганилиши жараёнида ҳақиқатдан ҳам музлатгичга қўйилган эҳтиёт қисм сифатсиз чиққанлиги қайд қилинди. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, агар ижрочи иш бажариш (хизматлар кўрсатиш) жаарёнида жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи нуқсонлар бепул бартараф этилишини, ишнинг такроран бажарилишини ёки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли. Демак бундан кўринадики, истеъмолчининг дастлаб устахонага мурожаат қилганида устага ишни қайтадан сифатли қилиб бажариш ёки тўланган пулни қайтариш тўғрисида талаб қўйиши ўринли бўлган ва уста томонидан ушбу қонуний талабни бажариш чораларини кўрилиши лозим эди.

Ўрганиш давомида истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчига қонунчилик талаблари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши давомида устахона ходими ўз мажбуриятини тан олиб, истеъмолчидан қўшимча ҳақ талаб қилмасдан, шу куннинг ўзида сифатли эҳтиёт қисм қўйиб музлатгични қайта таъмирлаб бериш мажбуриятини зиммасига олди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin