Носоз инвертор муаммоси ҳал этилди

Носоз инвертор муаммоси ҳал этилди

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда мурожаатлар билан ишлаш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, кафолат муддатида носозлик аниқланган техника воситалари бўйича келиб тушаётган мурожаатларни қонунчилик асосида ҳал этиш истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи фуқаро Х.А. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, Фарғона вилояти Тошлоқ туманида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклидаги савдо ташкилотидан харид қилинган қуёш панели тизими билан боғлиқ муаммога амалий ёрдам сўраган.

Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро 2026 йил феврал ойида мазкур корхонадан қуёш панели харид қилган. Бироқ қурилманинг асосий қисмларидан бири ҳисобланган инвертор қисқа муддат ичида носоз ҳолатга келган. Истеъмолчи сервис хизматига мурожаат қилгач, инвертор таъмирланган ва қайта ўрнатилган. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, қурилма яна ишдан чиққан ва қуёш панели тизимидан тўлиқ фойдаланиш имконияти чекланган. Шу сабабли фуқаро инверторни янгисига алмаштириш ҳамда муаммони бартараф этишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мурожаат Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида МЧЖ раҳбариятига расмий мурожаат йўлланиб, истеъмолчининг қонуний талабларини таъминлаш чораларини кўриш сўралди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик, жумладан, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг кафолат муддатидаги товар нуқсонларини бартараф этишга оид талаблари тушунтирилди.

Олиб борилган ўрганишлар ва ҳуқуқий таъсир чоралари натижасида корхона мутахассислари истеъмолчининг яшаш манзилига бориб, носоз инверторни янгисига алмаштириб бердилар ҳамда уни қайта ўрнатиш ишларини амалга оширдилар. Натижада қуёш панели тизими тўлиқ ишчи ҳолатга келтирилди ва фуқаронинг мурожаатида кўтарилган муаммо ижобий ҳал этилди.

Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим ҳуқуқий сабоқ ҳисобланади. Қонунчиликка мувофиқ, кафолат муддати давомида товарда нуқсон аниқланса, истеъмолчи уни бепул таъмирлаш, нуқсонни бартараф этиш, товарни алмаштириш ёки етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, техник жиҳатдан мураккаб қурилмаларда такроран носозлик кузатилганда, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ваколатли ташкилотларга мурожаат қилиши мумкин.

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан амалга оширилган мазкур ишлар натижасида фуқаронинг қонуний манфаатлари тикланди. Бу эса истеъмолчилар мурожаатларини ўз вақтида ва қонунчилик асосида кўриб чиқиш орқали кўплаб муаммоларни судгача бўлган босқичда ҳал этиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin