Сифатсиз кийим-кечак учун тўланган 1 миллион сўм қайтариб берилди
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар аҳолининг қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, товар сифати ва ҳаққоний ахборот тақдим этилиши билан боғлиқ ҳолатларда фуқароларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши муҳимдир.
Қувасой шаҳрида яшовчи фуқаро Н. Д. томонидан Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилинган мурожаат ҳам ана шундай ҳолатлардан бири бўлди. Мурожаатчи Фарғона шаҳридаги марказий кийим-кечак савдо мажмуасида жойлашган “DALIDA” савдо дўконидан 1 миллион 900 минг сўм эвазига уч дона аёллар кўйлагини харид қилганини маълум қилган.
Сотувчилар томонидан икки дона кўйлак Туркияда, бир дона кўйлак эса Италияда ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулот сифатида тавсия этилган. Харидор маҳсулотларни кўриб, тўловни электрон тарзда амалга оширган. Бироқ уй шароитида маҳсулотларни яна бир бор кўздан кечирганида, уларнинг сифати ва хусусиятлари сотувчи томонидан берилган маълумотларга мос келмаслиги аниқланган. Жумладан, Туркияда ишлаб чиқарилган деб сотилган кўйлакларнинг тикилиши талаб даражасида эмаслиги, Италия лёни сифатида тавсия этилган кўйлак эса бошқа турдаги матодан тайёрлангани маълум бўлган.
Шундан сўнг истеъмолчи товарларни қайтариш мақсадида савдо дўконига мурожаат қилган. Дўкон ходимлари бошқа маҳсулотларни танлашни таклиф этган бўлсалар-да, улар харидорни қониқтирмаган. Натижада фуқаро ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Мурожаат белгиланган тартибда ўрганилиб, Федерация мутахассислари ҳамда савдо дўкони масъуллари жалб этилди. Ўрганиш давомида амалдаги қонунчилик, хусусан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари асосида ҳуқуқий баҳо берилди.
Олиб борилган музокаралар натижасида томонлар ўзаро келишувга эришди. Савдо дўкони томонидан бир дона кўйлак қайтариб олинди, шунингдек, ҳар бири 500 минг сўмлик икки дона кўйлак учун жами 1 миллион сўм маблағ истеъмолчига нақд пул кўринишида қайтариб берилди.
Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим сабоқ бўлиб хизмат қилади. Қонунчиликка мувофиқ, харидор товар ҳақида тўлиқ, ишончли ва ҳаққоний маълумот олиш ҳуқуқига эга. Агар маҳсулотнинг сифати, таркиби, келиб чиқиши ёки бошқа хусусиятлари ҳақида нотўғри маълумот берилган бўлса, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини тиклашни талаб қилиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, товар харид қилишда чек, электрон тўлов тасдиғи ва бошқа ҳужжатларни сақлаб қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Бу каби ҳужжатлар кейинчалик низоли ҳолатларни ҳал қилишда асосий далил вазифасини ўтайди.
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан кўриб чиқилган мазкур мурожаат натижасида истеъмолчининг қонуний манфаатлари тикланди ва етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланди. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими амалда самарали ишлаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.



Post Comment