Истеъмолчи манфаати ҳимоя қилинди: 1 миллион 870 минг сўм қайтариб берилди

Истеъмолчи манфаати ҳимоя қилинди: 1 миллион 870 минг сўм қайтариб берилди

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мурожаатларини тезкор ва самарали ҳал этиш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари тизимининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Ана шундай мурожаатлардан бири Фарғона вилояти Тошлоқ туманида яшовчи фуқаро Р.К. томонидан юборилди.

Фуқаро Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг қисқа 1007 ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, интернетдаги «D… A..» онлайн савдо саҳифаси орқали харид қилган гиёҳлардан тайёрланган маҳсулот кутилган натижани бермагани, аксинча соғлиғида ижобий ўзгариш кузатилмаганидан норози эканини маълум қилди. Мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига юборилди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида мазкур маҳсулотни сотувчи корхона Қўқон шаҳрида фаолият юритиши аниқланди. Шу муносабат билан мурожаатни жойида кўриб чиқиш ва истеъмолчининг ҳуқуқларини тиклаш бўйича амалий чоралар кўриш Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмасига юклатилди.

Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, истеъмолчи 2026 йил январ ойида 1 миллион 370 минг сўм эвазига сотувчи корхона гиёҳларидан тайёрланган чойни харид қилган. Самарасини текшириш мақсадида икки марта лаборатория таҳлилларини топширган бўлиб, бунинг учун жами 500 минг сўм сарфлаган. Бироқ маҳсулотни белгиланган муддат давомида истеъмол қилганидан кейин ҳам таҳлил натижаларида ҳеч қандай ижобий ўзгариш қайд этилмаган.

Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси мутахассислари томонидан корхона раҳбарияти билан музокаралар ўтказилиб, истеъмолчининг эътирозлари ва қонунчилик талаблари тушунтирилди. Натижада корхона истеъмолчининг талабини ихтиёрий равишда қаноатлантириб, маҳсулот учун тўланган 1 миллион 370 минг сўм, шунингдек лаборатория таҳлиллари учун сарфланган 500 минг сўм маблағни қайтариб берди.

Энг муҳими, фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари қисқа муддатда тикланиб, мурожаат ижобий ҳал этилди. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари томонидан мурожаатлар ҳар томонлама ўрганилиши, тадбиркорлик субъектлари билан конструктив мулоқот олиб борилиши ва масалаларни судгача бўлган тартибда ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини яна бир бор намоён этди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда бундан кейин ҳам амалий кўмак кўрсатишда давом этади.

Post Comment