Нуқсонли сув насоси алмаштирилиши истеъмолчининг қонуний талаби таъминланишига имконият берди
Истеъмолчи сотиб олган товар сифатли, хавфсиз ва белгиланган талабларга жавоб бериши лозим. Агар маҳсулотда ишлаб чиқариш нуқсони аниқланса, истеъмолчи уни бепул таъмирлатиш, худди шундай товарга алмаштириш ёки қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.
Ана шундай мурожаатлардан бири Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушди ва қисқа муддатда ижобий ҳал этилди.
Риштон тумани, Носгар маҳалласида яшовчи фуқаро С. М. жамиятнинг хизмат телефони орқали мурожаат қилиб, туман ҳудудидаги савдо дўконидан харид қилган «EPA» русумли сув насосида нуқсон мавжудлигини маълум қилди. Мурожаат белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, ўрганиш учун қабул қилинди.
Риштон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳуқуқий ҳимоя бўйича мутахассислари томонидан мурожаат атрофлича ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида сотувчи билан учрашилиб, сув насоси ҳақиқатдан ҳам нуқсонли экани аниқланди. Шу билан бирга, сотувчига Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 13, 14, 15 ва 16-моддалари мазмун-моҳияти тушунтирилди ҳамда истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Олиб борилган тушунтириш ишлари ва қонунчилик талаблари асосида сотувчи томонидан нуқсонли «EPA» русумли сув насоси янги, соз ҳолатдаги маҳсулотга алмаштириб берилди. Шу тариқа истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, унинг қонуний манфаатлари тикланди.
Ҳурматли истеъмолчилар товар харид қилганингиздан кейин унда нуқсон аниқланса:
– чек ёки товарни сотиб олганингизни тасдиқловчи ҳужжатни сақлаб қўйинг;
– нуқсонни ўзингиз таъмирлашга уринманг;
– аввало сотувчига ёки ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилига мурожаат қилинг;
– муаммо ҳал этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилинг.
Қонунга мувофиқ, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи уни алмаштиришни, нуқсонларни бепул бартараф этишни, нархни мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилиб, тўланган маблағни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий жамиятлари фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини қонунчилик асосида ўрганиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий чораларни изчил амалга ошириб келмоқда.



Post Comment