Chevrolet Onix автомобилидаги носозлик бартараф этилди

Chevrolet Onix автомобилидаги носозлик бартараф этилди

Истеъмолчи товар сотиб олар экан, унинг сифати, хавфсизлиги ва белгиланган талабларга мос бўлишини кутади. Айниқса, янги автомобил харид қилинганда, у завод талабларига жавоб бериши ва истеъмолчига ортиқча ташвиш туғдирмаслиги лозим.

Аммо баъзан энг янги техника ва транспорт воситаларида ҳам носозликлар учраб туриши мумкин. Бундай вазиятда энг муҳими — муаммони ҳал қилишнинг қонуний йўлини билишдир.

Ана шундай мурожаатлардан бири Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.А. томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали йўлланди.

Фуқаро яқинда харид қилган Chevrolet Onix автомобилида аккумулятор (қувватлаш тизими) билан боғлиқ носозлик юзага келганини маълум қилди. Мурожаат қабул қилиниши билан Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари масалага зудлик билан аралашди.

Ўрганишлар давомида автомобил сотилган автосалон раҳбарияти билан боғланилиб, носозлик ҳақида маълумот берилди. Натижада автосалон масъуллари тегишли техник мутахассисларни жалб этиб, автомобилдаги носозликни қисқа муддатда бартараф этди. Бу орқали истеъмолчининг қонуний манфаатлари таъминланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, муаммо ҳал этилгач, мурожаатчи Федерация тизими ходимларига амалий ёрдам ва тезкор муносабат учун миннатдорчилик билдирган. Бу эса мурожаатлар билан ишлаш тизими самарали йўлга қўйилганини яна бир бор тасдиқлайди.

Истеъмолчиларга тавсия

Агар автомобил ёки бошқа техник маҳсулотда нуқсон аниқланса:

– сотиб олиш ҳужжатлари ва кафолат талонини сақланг;
– носозликни мустақил бартараф этишга шошилманг;
– аввало сотувчи ёки сервис марказига мурожаат қилинг;
– муаммо ҳал этилмаса, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат қилишдан тортинманг.

Ҳар бир мурожаат ортида инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи туради. Қонуний ва тезкор ёндашув эса кўплаб муаммоларни судгача етказмасдан ҳал қилиш имконини беради.

Эслатма: Истеъмол соҳасидаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали ёки murojaat.istemol.uz электрон платформаси орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Post Comment