Истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати: мустақиллик йилларидаги тараққиёт ва истиқболлар муҳокама қилинди
Фарғонада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ва ижтимоий шериклик масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар доирасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан «Истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати: мустақиллик йилларидаги тараққиёт ва истиқболлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Федерациянинг Фарғона вилоятидаги туман ва шаҳар жамиятлари раҳбарлари, шунингдек Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришганидан сўнг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликнинг шаклланиши ва тараққиёт босқичлари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш механизмлари ҳамда бу борадаги амалий тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирнинг муҳим йўналишларидан бири — қонунчилик талабларини ҳаётга татбиқ этишда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ижтимоий шериклиги масаласи бўлди. Шу нуқтаи назардан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, истеъмолчилик маданиятини шакллантиришда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг ўрни муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, соҳада учраётган муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди. Бу эса ҳудудда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича янги ёндашув ва ташаббусларни шакллантиришга хизмат қилди.
Давра суҳбати доирасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан, шунингдек Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан таъсис этилган “Истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланган тизим ходимларини эътироф этиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур эсдалик нишони билан Мустақиллик байрами арафасида Федерация тизимида самарали меҳнат қилиб, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий ва истеъмолчилик маданиятини юксалтириш, жамоатчилик билан ишлаш йўналишларида муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимлар тақдирланган.
Тадбир нафақат соҳада амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, балки мустақиллик йилларида шаклланган истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг бугунги ўрни ва келгуси тараққиёт йўналишларини белгилаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Давра суҳбати якунлари бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклифлар шакллантирилиб, соҳага дахлдор ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик ҳамда ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга келишиб олинди.



Post Comment