“Заркент” маҳалласида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқлари ва онлайн савдо масалалари юзасидан тарғибот ва тушунтириш тадбири бўлиб ўтди

“Заркент” маҳалласида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқлари ва онлайн савдо масалалари юзасидан тарғибот ва тушунтириш тадбири бўлиб ўтди

Вилоят ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолининг истеъмолчилар ҳуқуқлари борасидаги ҳуқуқий билими ва молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилмоқда.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур тадбирларда маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари иштирок этмоқдалар.

Бугун шу каби тадбирлардан бири Тошлоқ туманидаги Заркент МФЙда ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда истеъмолчиларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммолар, товар ва хизматларни танлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, шартнома шартларини ўрганиш, тўлов ҳужжатларини сақлаш ва ҳуқуқ бузилган ҳолларда қонуний ҳимоя механизмларидан фойдаланиш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Айниқса, онлайн савдода истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар, турли интернет-дўконлар ва мессенжерлар орқали товар харид қилиш кенгайиб бораётгани, бироқ бундай харидларда товарнинг сифати, сотувчининг ишончлилиги, етказиб бериш шартлари ва тўлов тартибига эътиборсизлик турли муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Иштирокчиларга интернет орқали харид қилишда номаълум шахсларга шошилиб олдиндан пул ўтказмаслик, сотувчи ҳақидаги маълумотларни текшириш, товар ва унинг нархи ҳақидаги маълумотларни сақлаб қўйиш, тўловни тасдиқловчи ҳужжат ва ёзишмаларни ўчириб юбормаслик бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, сохта интернет-дўконлар, ижтимоий тармоқлардаги шубҳали эълонлар ва товар пулини олганидан кейин харидор билан алоқани узиш каби фирибгарлик ҳолатларидан эҳтиёт бўлиш зарурлиги тушунтирилди.

Тадбир давомида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, истеъмолчилик маданиятини юксалтириш ҳамда ҳуқуқ бузилган тақдирда қаерга ва қандай тартибда мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, онлайн ва анъанавий савдо жараёнларида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий тавсиялар олдилар.

Бу каби тадбирларни вилоятимизнинг бошқа туман ва шаҳарларидаги МФЙларда ҳам ўтказиб борилиши режалаштирилган.

Бугун истеъмолчи дўконда ҳам, интернетда ҳам истеъмолчидир. Шу боис ҳар қандай харидда ҳушёрлик, ҳуқуқий билим ва молиявий саводхонлик муҳим аҳамият касб этади.

Post Comment