Носоз сув ҳисоблагичи бўйича мурожаат ижобий ҳал этилди
Коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларда аниқлик ва ишончлилик муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун сувни ҳисобга олиш асбоблари белгиланган тартибда текширилиши, ўрнатилиши ва техник ҳолати назорат қилиниши керак. Бироқ ҳисоблагич билан боғлиқ муаммо юзага келса, истеъмолчи ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши мумкин.
Тошлоқ тумани Шодлик МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Ғ. Ю. хонадонидаги ичимлик суви ҳисоблагичи билан боғлиқ муаммо юзасидан туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Мурожаатда аввал ўрнатилган ҳисоблагич ичимлик сув таъминоти корхонаси масъуллари томонидан лаборатория текширувига олиб кетилгани, кейин эса унинг носозлиги билдирилиб, бошқа ҳисоблагич ўрнатилгани, аммо ушбу ҳисоблагич ҳам кейинчалик носоз ҳолатда эканлиги аниқлангани баён этилган.
Мурожаат юзасидан жамият томонидан «Фарғона сув таъминоти» АЖ Тошлоқ туман филиалига сўровнома киритилди. Унинг асосида ўтказилган текширув натижасида Метрология бўлими томонидан сув ҳисоблагичи қайта ўрганилди. Корхона ходимлари ҳисоблагични ечиб олиб, таъмирдан ўтказдилар. Кейин тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, унга давлат стандарти тамғаси босилди. Натижада фуқаронинг мурожаатида кўрсатилган масала амалий равишда ижобий ҳал этилди.
Сув ҳисоблагичи ечилганда ёки янгиси ўрнатилганда, унинг тартиб рақами, кўрсаткичлари ва амалга оширилган ишлар икки томонлама далолатномада қайд этилиши муҳим. Амалдаги тартибга кўра, сувни ҳисобга олиш асбобини текшириш ёки таъмирлаш муддати ечилган пайтдан бошлаб қайта ўрнатилиб, пломбалангунга қадар 30 календар кундан ошмаслиги керак.
Мазкур ҳолат истеъмолчиларга эслатма бўлиб хизмат қилади: коммунал хизматларга оид муаммоларни эътиборсиз қолдирмасдан, ҳужжатлар асосида мурожаат қилиш ва ҳисоблагич билан боғлиқ ҳар бир амални расмийлаштириш ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.



Post Comment