Йил сарҳисоби
Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти якунланган 2019 йилда ҳам кўплаб хайрли ишларни амалга оширди. Фуқароларнинг истеъмолчилик соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш мақсадида тумандаги корхона, ташкилот, идора ва муассасаларда фаолияти йўлга қўйилган таянч гуруҳлари (бошланғич ташкилотлар) аъзолари ўртасида, маҳалла фуқаролар йиғинларида “Истеъмолчилар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида”, “Истеъмолчининг ҳуқуқ ва бурчлари”, “Биз барчамиз истеъмолчимиз” мавзуларида 59 та ўқув семинарлари, 65 та давра суҳбатлари ўтказилди. Радио, телевидение ва марказий ҳамда маҳаллий босма оммавий ахборот воситаларида ҳам ушбу мавзуларга оид мақола ва хабарлар мунтазам ёритиб борилди.
Ўтган йилда истеъмолчиларнинг электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти, савдо, алоқа, коммунал соҳаларга оид 42 та мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, истеъмолчилар фойдасига салкам 9 миллион сўмлик маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. Истеъмолчиларга 45 та ҳолатда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 41 нафар фуқароларга эса туман жамияти раҳбарининг аҳоли билан мулоқотлари доирасида амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Туман жамиятига келиб тушган мурожаатлар таҳлили, аксарият ҳолларда, фуқаро (истеъмолчи)ларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчлари юзасидан етарли даражада билимга эга эмаслигини, шунингдек истеъмолчиларга хизмат кўрсатаётган айрим корхона ва ташкилотлар масъулларининг истеъмолчилар олдидаги мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги, ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндошганлиги натижасида келиб чиққанлигини кўрсатиб бермоқда. Бу эса жорий йилда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ билими ва истеъмол маданиятини ошириш борасидаги ишларимизни янада кучайтириш лозимлигини, истеъмолчиларга товарлар сотувчи, хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар масъуллари ўртасида амалдаги қонунчилик асослари, шартнома мажбурияти каби масалаларда тушунтириш ва тарғибот ишларини янада жонлантиришимиз лозимлигини кўрсатиб турибди.
Биз янги – 2020 йилда ҳам хайрли ишларимизни давом эттиришни, юртимиз равнақи ва тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида янгидан янги режаларни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти матбуот ва ахборот мутахассиси
Post Comment