Қарздорликни ҳисоблашга оид ҳаракатлар қонунга хилоф деб топилди
Ишхонада иш қизғин – барча ходимлар ўз йўналишлари бўйича нималарнидир ёзиш-чизиш билан овора.
– Ассалому алайкум, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига тўғри келдимми? – дея сўрайди юзида хорғинлик ва тушкунлик акс этиб турган амаки.
– Ҳа, келинг, келинг амаки, ўтиринг? – дея беихтиёр барчамиз амакига юзландик.
– Яқинда қўшним ишлайдиган мактабда давра суҳбати ўтказган экансизлар, қўшним сизларга учрашсам муаммойим ҳал бўлишини айтганди, – дейди ўзини Носиржон ака, дея таништирган амаки.
Суҳбат асносида фуқаро Н. Ҳақбердиев тумандаги Қоракўл қишлоғида яшашини, 2003 йилда вафот этган онаси М. Ҳақбердиева номига қарздорлик ҳисобланаётганлигидан норози бўлиб, ёзма мурожаат билан келганлигини билиб олдик.
Унинг аризаси туман электр тармоқлари корхонаси, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ва жамиятимиз мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари асосида ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида электр таъминоти корхонаси (ЭТК)нинг собиқ ходими 2017 йил 12 январда марҳум М. Ҳақбердиева хонадонига у ерда ҳеч ким яшамаганлиги боис электр энергиясидан фойдаланмаётганлигини билганлиги ва ПК-электр ҳисоб дастуридан чиқариб ташлаш мақсадида борганлиги, ёнида бошқа далолатнома йўқлиги сабабли “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги ҳақида”ги далолатнома бланкасига …94 абонент рақамига ҳеч кимнинг иштирокисиз …44-сонли далолатнома тузганлиги аниқланди.
Мазкур далолатнома асосида туман ЭТКнинг етказилган зарарни аниқлаш бўйича ҳисоб-китоб комиссияси томонидан 1 561 540 (бир миллион беш юз олтмиш бир минг беш юз қирқ) сўм зарар етказилган, деб топилган. Шунингдек, туман ЭТК ПК-электр ҳисоб дастуридан Н. Ҳақбердиевнинг онасига тегишли бўлган хонадонга бириктирилган (…94) абонент картаси олинганида фуқарога нисбатан …44-далолатнома тузилганлиги ва қайта ҳисоб-китоб қилинганлиги ҳамда марҳума М. Ҳақбердиевага нисбатан 2019 йил 25 март кунги берилган маълумотномага асосан жами 1 611 756 (бир миллион олти юз ўн бир минг етти юз эллик олти) сўм қарздорлик ҳисобланганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан жамият томонидан фуқаролик судига даъво аризаси киритилди.
Фуқаролик судининг ҳал қилув қарорига асосан туман ЭТК нинг 2017 йил 12 январдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ҳақида”ги далолатномани расмийлаштириш ва шу далолатнома асосида қарздорлик ҳисоблашга оид ҳаракатларни қонунга хилоф деб топиб, электр таъминоти корхонаси зиммасига ушбу далолатномага асосан хисобланган ва марҳума М. Ҳақбердиева шахсий ҳисоб рақамига киритилган 1.561.540 сўм қарздорликни чиқариш мажбурияти юклатилди.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА
Учкўприк тумани ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси
Post Comment