Йўловчи ташишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор
Кундалик иш фаолиятимиз ёки бошқа юмушларимиз туфайли тез-тез йўловчи ташувчи транспорти хизматларидан фойдаланишимизга тўғри келади. Оғиримизни енгил қилиб, манзилимизга тез элтиб қўювчи мазкур йўналишда хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг борлиги яхши, албатта, лекин улар томонидан хизмат ҳақи (йўл кира)ни белгилашда ўзбошимчаликларга йўл қўйилсачи?
Тошлоқ тумани Қумариқ маҳалласида яшовчи Т. Абдуллаеванинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати ана шу масалада бўлди. Мурожаатда келтирилишича, “Тошлоқ-Қумариқ” йўналишида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатаётган бир гуруҳ “Дамас” ҳайдовчилари йўналиш бўйлаб йўл-йўлакай чиқиб, бир-икки бекат юрилгач тушиб қолаётган йўловчилардан ҳам охирги бекатгача белгиланган йўл кира ҳақини олиниши бўйича талаб қўяётган экан. Истеъмолчи бу борада ўзи каби кўплаб ҳамқишлоқлари ҳам норози бўлаётганини таъкидлаб, туман жамиятимиздан кўмак сўраган.
Мурожаат юзасидан туман марказидаги автошоҳбекатда ўрганиш ўтказилиб, унга соҳа мутахассислари ҳам жалб қилинди. Ўрганиш натижаларига кўра, туман марказидан мазкур йўналишнинг охирги бекатигача бўлган йўл 20 километрга яқин масофани ташкил этиб, амалдаги тартиб-қоидаларга асосан 3000 сўм атрофида йўл кира белгиланиши, йўлда чиқиб-тушувчилардан эса ҳар бир километри учун 130 сўмдан ҳақ олиниши, шунда бир-икки бекат юриб тушиб қолган йўловчидан қатъий 500 сўмдан ҳақ олиниши амалдаги тартиб-қоидалар талабаларига мос келиши қайд қилинди. Йўналиш ҳайдовчиларига ҳар бир йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган хўжалик юритувчи субъект ўз иш фаолиятини амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар ва қонуности меъёрий-ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириши лозимлиги тушунтирилди.
Истеъмолчининг қонуний талаби қондирилиб, йўл кира ҳақларини олинишида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиниши йўлга қўйилди.
Улуғбек Мирзаумаров
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment