Доктор Маримуту Надасон: Ўзбек халқи ҳукумати атрофида жипслашиб, коронавирусни енгишига ишонаман
Қадрли дўстлар,
Шу кунларда бутун жаҳон коронавируснинг мисли кўрилмаган пандемиясига дуч келмоқда, у деярли барча мамлакатларга тарқалиб бўлди. Ушбу мамлакатлар халқлари вирусни жиловлаш ва йўқ қилиш йўлида курашмоқда. Барчамизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида уни тез орада енгишимиз ва ҳаёт карантиндан сўнг яна ўз изига тушиб кетишига ишонаман.
Мен 2020 йил 15 – 18 январь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари форуми”да қатнашиш учун гўзал мамлакатингизга борган ва унинг ажойиб халқи билан учрашиш бахтига муяссар бўлган эдим. Ўша форумда ўнлаб халқаро экспертлар ҳамда турли мамлакатларнинг давлат ва нодавлат истеъмолчилар ташкилотлари вакиллари иштирок этиб, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган масалаларни муҳокама қилган эди. Ўша масалалар пировардида бутун дунёда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишни яхшилашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.
Қайд этиш жоизки, «БМТнинг истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг етакчи принциплари”дан бири “истеъмолчиларни уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигига путур етказиши мумкин бўлган хавфлардан ҳимоя қилишдир”. Шунинг учун Жаҳон истеъмолчилар ташкилоти коронавирусни тийиб туриш, тарқалишига йўл қўймаслик ва бартараф этиш йўлида қўлидан келган барча ишларни қилмоқда.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мана шу ишга ўз ҳиссасини қўшаётгани, карантин вақтида мамлакатда истеъмол товарлари нархи ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида назорат кампанияси ўтказаётгани, ўз маблағлари ҳисобидан шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиб, аҳолига тарқатаётгани ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассислари билан ҳамкорликда миллий, минтақавий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида вирусни юқтирмаслик учун гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга даъват этувчи кўплаб материаллар тайёрлаб, эфирга узатаётгани ва эълон қилаётганини эшитиб, хурсанд бўлдим.
Мен Ўзбекистонга сафарим чоғида меҳмондўст ва меҳнатсевар ўзбек халқи тозалик ва тартибни қанчалик яхши кўришига шахсан гувоҳ бўлган эдим. Айни ҳол коронавирус тарқалишига ишончли тўсиқ бўлиши шубҳасиз. Ўзбеклар коронавирусни умумий саъй-ҳаракатлар билан даф қилиш йўлида ҳукумати атрофида янада жипсроқ бирлашишига ва пировардида уни енгишига ишончим комил.
Ушбу синовли кунларда ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг.
Доктор Маримуту Надасон,
Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) президенти
Post Comment