Сотувчи истеъмолчининг қонуний талабини қондиришга мажбур бўлди
Олтиариқ туман Янгиараб қишлоғида истиқомат қилувчи Т.Дадақўзиев туман марказида савдо фаолиятини олиб бораётган тадбиркор Д.Эргашевага қарашли савдо дўконидан ўзи учун Nobby русумли телефон аппаратини 850 минг сўмга сотиб олган. Лекин орадан икки кун ўтиб-ўтмай истеъмолчи унда нуқсон борлигини пайқаган. Яъни телефон тўлиқ зарядлансада у ҳеч қанча ишламасдан ўчиб қолаверган. Истеъмолчи сотувчига учрашиб, ўзининг бу борадаги қонуний ҳуқуқларидан бири – нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштирилиши талабини қўйган. Бироқ тадбиркор унинг қонуний талабини бажармагач, у туман истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеьмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига кўра ўзига нуқсонли товар сотилган истеъмолчи мазкур товарни мақбул сифатдагисига алмаштириб олишга ҳуқуқи бор, алмаштириш эса мазкур қонуннинг 14-моддасига кўра истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан 7 кун ичида амалга оширилиши лозим. Қонунда белгиланган муддатларга амал қилмаслик эса, сотувчи товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлашига олиб келади.
Истеъмолчи мурожаатни тегишли тартибда ўрганиб чиқилиши жараёнида сотувчига қонунннг юқоридаги талаблари тушунтирилди. Натижада истеъмолчининг қонуний талаби қондирилиб, ундаги нуқсонли телефон аппарати худди шундай маркадаги мақбул сифатдагисига бепул алмаштириб берилишига эришилиб, фуқаронинг салкам бир миллион сўм зарар кўришини олди олинди.
Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment