Телефон сотиб олмоқчимисиз? Уни IMEI коди рўйхатдан ўтказилганлигини текшириб олинг!
Мен истеъмол кредити ташкилотидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан уяли телефон аппарати сотиб олдим. Телефонни уйга олиб келиб, СИМ картани ўрнатдим ва ундан фойдалана бошладим. Лекин орадан 20 кунлар вақт ўтгач телефон ишламай қолди. Суриштирсам муаммо уни ИМЕИ коди билан боғлиқ экан. Вақтида тегишли тартибда рўйхатдан ўтказмаганим учун блокланиб қолибди. Энди нима қилсам бўлади❓
Жавоб:
Телефон сотиб олмоқчимисиз? Уни IMEI коди рўйхатдан ўтказилганлигини текшириб олинг!
👨🏫 Хабарингиз бўлса, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 17 сентябрь кунида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 778-сонли қарор қабул қилинганди. Унга кўра, республикамиз ҳудудида мавжуд бўлган мобил қурилмаларни 2019 йилнинг 1 декабрига қадар бепул асосларда, 1 декабрь кунидан эса пулли асосларда IMEI кодларини рўйхатга олиш амалга оширилиши белгиланганди.
Бугунги кунда агар Сиз хорижда бўлиб, у ердан юқоридаги қарор билан тасдиқланган Низомнинг 1-иловасида кўрсатиб ўтилган турдаги мобил қурилмалардан бирини сотиб олиб, мамлакатимиз ҳудудига олиб кираётган бўлсангиз, Низомнинг 5-боби 23-38 бандларида кўрсатиб ўтилган тартибда мобил қурилмани ўз ҳисобингиздан рўйхатдан ўтказишингизга тўғри келади. Бунда мобил қурилмани мамлакатимиз ҳудудида ишга тушириб, дастлабки тармоқ ҳодисаси содир бўлган (айтайлик унга SIM карта жойланиб ишга туширилган) пайтдан эътиборан 30 календарь куни мобайнида уни IMEI кодини рўйхатдан ўтказишингиз ва бунинг учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 % и (223000 сўм х 20 % = 44600 сўм) миқдорида тўловни амалга оширишингиз лозим.
Агар мобил қурилмани мамлакатимиз ҳудудидаги сотувчилардан сотиб олаётган бўлсангизчи? Унда бу масала Сиз учун муаммо туғдирмаслиги керак. Нега?
Қарор талабларидан келиб чиқилса, ушбу ҳолатда Сиздан мобил қурилмани қўшимча рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Сабаби мобил қурилма импортер ташкилот томонидан мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилаётган пайтда, мамлакатимизда ишлаб чиқарилгани эса ишлаб чиқарувчи корхона томонидан сотувга чиқаришдан олдин ушбу Низомнинг 4-боби 11-22 бандларида кўрсатилган ўтилган тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлади (ва албатта бу ҳаражат унинг таннархига киритилиб, товарни сотилиши жараёнида Сиздан ундириб олинади). Агар мамлакатимиз ҳудудидаги сотувчилардан (импортерлар, ишлаб чиқарувчилардан) Сиз томонингиздан сотиб олинган мобил қурилманинг IMEI коди билан боғлиқ муаммолар юзага чиқса, бу Сизнинг айбингиз эмас, балки сотувчи (импортер, ишлаб чиқарувчи) томонидан қарорда белгиланган тартибда мобил қурилмани рўйхатдан ўтказмасдан сотилаётганлигини билдиради.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 4-моддасига кўра, Сиз ўзингизга сотилаётган товар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, ушбу товарнинг тегишли даражада сифатли бўлиши, сотувчининг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши каби ҳуқуқларга эгасиз.
Саволингизда келтириб ўтилгани каби ҳолатни юзага келиши эса, Сизга товарни сотиш жараёнида у ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот берилмаганлигини, сотувчининг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли Сизга моддий зиён, керак бўлса маънавий зарар етказилганлигини, Сизга сотилган товар эса мақбул сифатда эмаслигини кўрсатади. Ушбу ҳолда Сиз мазкур қонуннинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларингиздан келиб чиқиб, сотувчига мобил қурилмани мақбул сифатдагисига алмаштириш, товар нуқсонларини бепул бартараф этилишини таъминлаш, шартномани бекор қилиб кўрилган зарарни қопланишини талаб қилиш (пулингизни қайтариб олиш) ва бошқа шу каби талабларингизни қўйиш ҳуқуқига эгасиз. Демак, ушбу талаблар Сиз томонингиздан истеъмол кредити ташкилотига қўйилади ва мобил қурилма уларга қайтарилади.
Келгусида юқоридаги каби ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун, сотувчилар (импортерлар, ишлаб чиқарувчилар)дан, шунингдек иккиламчи бозордан (аввал истеъмолда бўлган) мобил қурилмаларни сотиб олиш жараёнида, улардан мобил қурилманинг IMEI коди рўйхатга қўйилганлигини текшириб берилишини ва бу маълумот билан Сизни таништиришларини сўрашингизни, зарурат бўлганда эса ўзингиз ҳам оддий усул билан уни текшириб олишингиз мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Мобил қурилмани мамлакатимиз ҳудудида рўйхатга қўйилганлиги қуйидаги усул билан текширилади:
Қурилмада *#06# комбинацияси терилади. Қурилманинг IMEI коди кўринади. Ана шу кодни https://uzimei.uz сайтидаги “IMEI-kodni tekshirish” ойнасига киритасиз ва ушбу ойнача тагидаги, тизим томонидан Сизга таклиф қилинган 6 та рақамдан иборат текшириш кодини киритасиз ҳамда “Tekshirish” тугмасини босасиз. Агар қурилма рўйхатдан ўтган бўлса, Сизга яшил символдаги белги ёнида маълумотлар тақдим этилади. Агар қурилма рўйхатдан ўтмаганлиги тўғрисида маълумотлар чиқса, яхшиси бундай қурилмани сотиб олмаганингиз маъқул.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment