Истеъмолчи дорихона сотувчисидан нега ранжиди?
Риштон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Фарғона кўчасида истиқомат қилувчи Г. П. нинг хусусий дорихонадан дори-дармон сотиб олиш жараёнида келиб чиққан норозилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида ўтказилган суҳбатдан маълум бўлишича, истеъмолчи Г. П. турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида туман кўп тармоқли поликлинкасининг асаб касалликлари шифокори кўригига борган. Кўрикдан сўнг шифокор ёзиб берган рецептни олиб, туман марказидаги “Сайёра” дорихонасига кирган. Дорихона сотувчиси А. Шокиров дори-дармонларни рецепт бўйича ажратиб бўлгач, жами 165000 (бир юз олтмиш беш минг) сўм бўлишини айтган. Шу ўринда истеъмолчи сотувчига: “Дорихонангизда дори-дармонларнинг нархи қимматроқ экан, ҳамёнимдаги пулим ҳам етарли эмасди, майли ҳозирча дориларнинг ярмини олиб турарман”, дейди. Қайта ҳисоб-китоб ўтказган сотувчи эса бу ҳолда сотиб олиниши керак бўлган дори-дармонлар учун 100000 (юз минг) нарх чиқариб беради. Шу ерда истеъмолчи ва сотувчи ўртасида тортишув келиб чиқади. Шундан сўнг истеъмолчи дори-дармонларнинг нархи, сотувчининг муомаласи борасидаги ўзининг эътирозларини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонига қўнгироқ қилган ҳамда шу куни бошқа дорихонадан рецептдаги дори-дармонларни сотиб олган.
Мурожаат бўйича “Сайёра” хусусий дорихонаси раҳбари У. Рахмонов ва сотувчи ходимлар билан биргаликда истеъмолчига берилган рецептдаги дорилар нархлари уларнинг дорихонага қилинган кирим ҳужжатлари бўйича солиштириб чиқилди. Солиштириш рецептдаги дориларга амалдаги меъёр ва тартиблар асосида нарх белгиланганлиги ҳамда сотувга чиқарилганлигини кўрсатди. Шунинг билан биргаликда, ўша куни дорихона сотувчиси А.Шокиров рецептда кўрсатилган дори воситаларидан бирини нархини ҳисоблашда адашиб кетиши натижасида битта дори воситасининг нархини нотўғри ҳисоблаганлиги ҳам маълум бўлди. Дорихона сотувчиси ҳақиқатан ҳам адашиб кетганлигини, келгусида бундай хатоликка йўл қўймаслигини маълум қилиб ёзма тушунтириш берди.
Ўрганиш ишлари жараёнида дорихона раҳбари барча сотувчилар иштирокида йиғилиш ўтказиб, олди-сотди жараёнларида хатоликларга йўл қўймаслик, истеъмолчиларга хушмуомала муносабатда бўлиш бўйича ўз кўрсатма ва огоҳлантиришларини берди. Мазкур йиғилиш қарори билан дорихона сотувчиси А. Шокировга меҳнат қонунчилигида назарда тутилган тартибда интизомий жазо ҳам тайинланди. А. Шокиров истеъмолчи Г. П. дан узр сўради. Ўтказилган ўрганув натижалари бўйича фуқарога ёзма равишда жавоб хати тақдим қилинди.
Хусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment