Истеъмолчига чек тақдим қилинмаганлиги ҳолати бўйича солиқ идорасига маълумотнома киритилди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчи Х.Абдуназарованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
“Фарғона буюм бозори” ҳудудида савдо фаолияти олиб бораётган Ф.А.га қарашли дўкондан болалар кийим-кечак комплектини сотиб олиб, уйига олиб келиб 1,5 ёшли фарзандига кийдириб кўрганида кийимнинг размери бироз мос келмаган истеъмолчи Х.Абдуназарова “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасида белгилаб қўйилган ҳуқуқидан, яъни мақбул сифатдаги товарни сотиб олинган жойдаги сотувчидан айни шундай товарга алмаштириб олиш, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олиш ҳуқуқидан фойдаланмоқчи бўлган. Лекин сотувчи негадир унинг қонуний талабини қаноатлантирмаган. Натижада томонлар ўртасида келишмовчилик юзага келган. Шундан сўнг истеъмолчи ишонч телефонига мурожаат қилган.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида сотувчи билан учрашилиб, унга қонун талаблари тушунтирилгач, у истеъмолчига сотилган болалалар кийим-кечагини худди шундай товарга алмаштириб беришни ўз бўйнига олди. Лекин бу ерда яна бир ҳолат бор.
Амалдаги қонуннинг 10-моддасига кўра, олди-сотди амалга оширилгач, истеъмолчига касса ёки товар чеки тақдим қилиниши шарт.
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 22-бандига кўра, чакана савдони назорат-касса машинасини қўлламасдан амалга ошираётган сотувчи — якка тартибдаги тадбиркор харидорга сотиб олинган товар билан биргаликда сотувчининг фамилияси ва имзоси, якка тартибдаги тадбиркорнинг (юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тартиб рақами, товар сотилган сана ва унинг қиймати кўрсатилган ҳолда квитанция ёки шунга ўхшаш ҳужжатни бериши шарт.
Истеъмолчи Х.Абдуназаровага эса мазкур жараёнда тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи бирорта ҳужжат тақдим қилинмаган.
Ушбу ҳолат эса ўз навбатида мурожаат бўйича ўрганиш олиб борган шаҳар жамияти мутахассисларининг назаридан четда қолмади ва мазкур ҳолат юзасидан тегишли қонуний баҳо берилиши учун Фарғона шаҳар солиқ инспекциясига маълумотнома киритилди.
Шу ўринда агар сотувчи қонуний талабингизга кўра, касса ёки товар чекини ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжатни Сизга тақдим қилишдан бош тортса, яхшиси бундай сотувчилардан товарлар (айниқса узоқроқ муддат фойдаланиладиган товарларни) сотиб олмасликни, шунинг билан биргаликда, мазкур ҳолат юзасидан жойида солиқ идораларига хабар берилиши мақсадга мувофиқлигини эслатиб ўтамиз.
Баходирхон Усмонов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment