Истеъмолчиларни қандай муаммолар қийнамоқда || Соҳа мутахассисларидан интервью
Барчамизга маълумки, ҳаммамиз истеъмолчи ҳисобланамиз. Шу нуқтаи назардан, мана шу истеъмолчик соҳасига оид бугунги кунда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда мана шу муаммоларни келтириб чиқараётган омилларни ўрганиш мақсадида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига дахлдор бўлган идоралар ва ташкилотларда фоалият олиб бораётган мутахассислардан бугунги кун истеъмолчисини қандай муаммолар қийнамоқда, мана шу тизим ташкилотларида истеъмолчиларни мурожаатлари билан ишлаш қандай йўлга қўйилган, умуман олганда Фарғона вилояти мисолида истеъмолчиларни ҳуқуқларини бузилиши ҳолатларини келтириб чиқараётган сабаблар ва омиллар нималардан иборатлиги масаласида соҳа мутахассисларига мурожаат қилдик. Қуйида мутахассислардан олинган интервьюлардан қисқача иқтибослар келтириб ўтамиз:
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлигини муҳофаза қилиш Фарғона вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Эркинжон Нуриддинов ушбу масала қуйидагиларга тўхталди:
– Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан, ҳамма соҳаларда бўлгани каби, бизни ташкилотимизда ҳам фуқароларни мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича талай ишлар амалга оширилган. Жумладан, бугунги кунда тизимли асосда ишлаб турган Президент вертуал қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси ва Фарғона вилоят ҳокимлиги, қолаверса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вертуал қабулхонасига тегишлилиги бўйича келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида кўриб бориш ва ҳал қилиш мақсадида алоҳида ходимлар ажратилган. Келиб тушаётган мурожаатларни шаклидан қатъий назар ўз вақтида кўриб чиқилиши йўлга қўйилган. Бундан ташқари вазирлигимиз тизимида ишонч телефонлари ташкил қилинган ва мутахассислар бириктирилган. Айниқса, пандемия шароитида вазирлик томонидан ташкил қилинган колл-центр кечаю-кундуз фаолият олиб борди ва колл-центр мутахассислари фуқароларни қизиқтирган барча саволларга малакали мутахассислар томонидан батафсил жавоблар бериб борилди.
2020 йил давомида муассасамизга 375 та мурожаат келиб тушган бўлса, шуларнинг асосий қисми, яъни 205 таси электрон тарзда қабул қилинган. Келиб тушган мурожаатлар асосан объектларнинг санитария ҳолатлари бўйича, шунингдек коронавирус инфекциясини юқиш йўллари, профилактикаси, уни олдини олиш, даволаш бўйича масалаларни ўз ичига олди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Экоинспекция бошлиғи Шерзод Исмоилов томонидан қуйидагиларга тўхталиб ўтилди:
– Бугунги кунда бошқармамиз томонидан фуқаролар мурожаатлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари учун, ҳамда шу соҳага оид қонунбузилиши ҳолатларини олдини олиш учун давлат қўмитамиз томонидан 1157 қисқа рақамли ишонч телефони ҳамда вилоят бошқармамизнинг 73 кодли 2446200 ишонч телефонлари ташкилланган ҳамда фуқароларга интернет сайтларимиз ва ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қила олишлари учун шароитлар яратилган. Бундан ташқари туман ва шаҳарлардаги инспекцияларимизда ҳам ўзларини ишонч телефонлари ишлаб турибди. Ҳаттоки, инспекция бошлиқларимизнинг қўл телефонларини бинонинг кириш пештоқларига ёзиб қўйганмиз. 2020 йил давомида ўзимизга келиб тушган мурожаатлар сони 451 тани ташкил қилган бўлиб, ушбу мурожаатлари тегишлилиги бўйича давлат инспекторлари томонидан ўрганиб чиқилган. Албатта, мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, инсонларимизнинг экологик маджанияти ошиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Мурожаатларда кўтарилаётган энг долзарб масалалардан бири бу чиқиндиларни ноқонуний равишда, белгиланмаган жойларга ташлаш ёки ноқонуний чиқиндихоналарни ташкил этиш масалаларидир. Шунингдек, атмосфера ҳавосини ифлосланиш даражаси бўйича ҳам мурожаатлар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Булар завод фабрикалардан ёки ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган тутун ёки бошқа чиқиндилардан азият чекаётган фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлардир. Барча мурожаатлар мурожаатчилар ва кенг жамоатчилик иштирокида ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал қилинган.
Ўзстандарт агентлиги ҳузуридаги Департамент Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Суҳбатжон Ниёзов:
– Ўзстандарт агентлиги тизимидаги ташкилотларига бугунги кунда ёзма, электрон ва оғзаки шаклларда мурожаат қилиш имконияти мавжуд. Бунинг учун Агентликнинг standart.uz расмий сайти ёки 78 коди билан 1502300 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилиш мумкин. Бундан ташқари Агентликнинг вилоятдаги тизим ташкилотларида ҳам ишонч телефонлари ташкилланган, бунинг учун 73 коди билан 2445858 ёки 2445303 телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин. Ўтган 2020 йилда тизимиз ташкилотларига 26515 та мурожаат келиб тушган бўлиб, метрология йўналиши бўйича 25585 та, сертификатлаштириш йўналиши бўйича 930 та мурожаатлар қабул қилинган. Метрология йўналиши бўйича аҳолидан истеъмолда фойдаланётган ўлчов воситаларини қиёсловдан ўтказиш бўйича мурожаатлар асосан газ, электр, сув ҳисоблагичларни ўз вақтида қиёслаш, даврий кўрикдан ўтказиб туриш бўйича қилинган мурожаатлардир.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Юнусали Қозихонов:
– Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилда ташкил этилган. Агентликни асосий вазифаларидан бири бугунги кунда истеъмолчилардан тушаётган мурожаатларни бевосита ўрганиб чиқиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, бунинг учун Агентлик ва ҳудудий бошқармаларда ишонч телефонлари ташкил қилинди, расмий сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ишлаб турибди. Агентликнинг қисқа рақамли ишонч телефони 1159. Фарғона вилоят ҳудудий бошқармамиз тизимида 3 та бўлим фаолият олиб бораётган бўлиб, 2020 йилда уларга тааллуқли масалалар бўйича 1817 та мурожаатлар қабул қилиб олинди. Ушбу мурожаатлар асосан савдо, коммунал, транспорт ва реклама соҳаларидаги муаммолар бўйича мурожаатлардир. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, мурожаатларнинг 60-70 фоизи коммунал (газ, электр, сув таъминоти) соҳаларида истеъмолчилариннг ҳуқуқларини бузилиши билан боғлиқдир.
Ғайрат Маматулов
Мустақил тадқиқотчи
1 comment