Қарздорликнинг асосланмаган қисми тўланмайдиган бўлди

Қарздорликнинг асосланмаган қисми тўланмайдиган бўлди

Бағдод тумани Дўстлик қишлоғида яшовчи Н.Солиеванинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган оғзаки мурожаатида электр энергияси ҳисоб-китобидан норозилик билдирилганди.

Мурожаатда кўрсатилган важлар туман электр таъминоти корхонаси масъул ходими И.Қўчқоров иштирокида ўрганилганда қуйидагилар маълум бўлди:

Мазкур хонадон Н.Солиева томонидан 2021 йил бошларида Э.Бекбўлатовдан сотиб олинган. 2021 йилнинг июнь ойига келиб хонадоннинг янги эгаларидан истеъмол қилинган электр энергияси тўловларидан 1 703 779 сўм қарздорлик мавжудлиги ва мазкур қарздорликни бартараф қилиб қўйиш сўралган.

Ўрганишда маълум бўлишича, Э.Бекбўлатов 2011 йилда Россия давлатига ишлагани кетгач, мазкур хонадонда ҳеч ким истиқомат қилмаган. У кетиш олдидан туман электр таъминоти корхонасига бу ҳақда ариза ҳам берганлигини даъво қилган бўлсада, негадир унинг аризаси туман ЭТКдан чиқмади. 2021 йилгача ҳам Россияда бўлиб турган Э.Бекбўлатов хонадонни, ўша ердан турган ҳолда, Н.Солиеваларга ишончнома билан сотган. Н.Солиевалар кўчиб кирганларидан сўнг, хонадонга янги замонавий электр ҳисоблагич ҳам ўрнатилган. Хўш, унда қарздорлик қаердан келиб чиққан?

Хонадоннинг собиқ эгаси узоқ вақт хорижда юрганлиги (шунингдек хонадонда ҳеч ким истиқомат қилмаганлиги) сабабли 10 йил давомида электр энергияси учун тўловлар ҳам қилинмаган. Лекин орада электр таъминоти корхонаси томонидан ҳудудда ўтказилган обходлар вақтида хонадонга маълум истеъмол суммалари киритиб борилган.
Фуқаро мурожаатини ўрганиш жараёнида юқоридаги ҳолатлар тўлиқ таҳлил қилиб чиқилди ва истеъмолчи Н.Солиева томонидан ҳақиқатда истеъмол қилинган электр энергияси тўловлари бўйича қарздорлик суммаси 548 697 сўмни ташкил қилди. Истеъмолчи мазкур қарздорликни ихтиёрий асосларда бартараф қилди.

Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment