Уйинг – тинч, ўзинг – тинч

Уйинг – тинч, ўзинг – тинч

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида яшашимиздан, ишлашимиздан қатъий назар бизнинг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунидек ишончли ҳимоячимиз, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясидек ишончли ҳамкоримиз борлигига шу кунларда ўз тажрибамдан амин бўлдим.
Ўзим Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманиданман. Ёзёвон туманидаги Марказий Фарғона чўлларида барпо этилаётган “Сув омбори” қурилишида иштирок этаяпман. Яқинда Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлар йили”да аҳоли ўртасида ўтказилаётган мулоқотлардан бири бизнинг “Махсуссувқурилиш” Ёзевон филиалида ҳам ташкилланди. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни, соҳага оид бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳияти юзасидан аҳолининг ҳуқуқий билим савияси ва истеъмол маданиятини ошириш мақсадида ташкилланган мазкур тадбир баҳонасида мени қийнаб турган муаммолардан бири ечимини топди.
Тадбир доирасидаги савол-жавобларда жамият ходимларига ўзим яшаб турган Жарқўрғон туманидаги электр таъминоти корхонаси томонидан хонадонимга 921 000 сўм миқдорида асоссиз қарздорлик юкланаётганлиги ҳолати бўйича оғзаки мурожаат қилдим. Ушбу қарздорлик қердан келиб чиқди, билмадим. Сабаби турмуш ўртоғим Г.Атипова туманимиздаги 19-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди, у мактабдан, мен эса ҳозирда ишлаб турган ташкилотимдан ойлик иш ҳақимиздан комуннал тўловларни ойма-ой ўтказиб борсак. Шунга қарамасдан уйимизга қарздорлик бўйича хат келганини айтдим. Шу куннинг ўзида жамият ходимлари томонидан Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятидаги ҳамкасблари билан боғланишиб, мурожатим бўйича электр таъминоти корхонасида қайта ҳисоб-китоб ишларини бошлаб юборишди.
Халқимиз “Уйинг-тинч, ўзинг-тинч” деб бежизга айтмаган экан. Ҳозирда мен иш жойимда ишларимни хотиржам давом эттираяпман. Федерация тизимида меҳнат фаолияти олиб бораётган барча ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

М.Атипов
Ёзёвон “Махсуссувқурилиш” филиали ишчиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin