Мақсадимиз – инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш
Инсон манфаатлари ҳамиша устувор юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг«Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган иборалари бугунги кунда барча корхона-ташкилотларнинг шиорига айланиб бораётир.
Ҳусусан бизнинг Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ҳам туман аҳолисининг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, истеъмол маданиятини ошириш ва ҳуқуқлари бузилган тақдирда қонун доирасида чоралар кўриш ишлари тизимли равишда олиб бориляпти. Жумладан ўтган 2021 йил давомида жамиятимизга фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиб чиқилиши жараёнида уларни имкон қадар истеъмолчиларнинг фойдасига ҳал қилиш борасида қатор ишларни амалга оширдик. Мурожаатларни ҳал қилишда бизга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунлари дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қолаверса ҳаққонийлик, бетарафлик қоидаларига ҳам амал қилиб иш юритяпмиз.
Ўтган йил мобайнида жамиятимизга фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили уларнинг аксарияти коммунал соҳа идоралари хизматларидан норози бўлиб қилинган мурожаатларни, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш муносабатларидаги муаммолар бўйича қилинган мурожаатларни ташкил қилганлигини кўрсатди. Уларни ўрганиш жараёнида қонунларимизга мурожаат этиб, адолат қарор топиши йўлида астойдил меҳнат қилинди. Шунга мувофиқ ўтган йилда истеъмолчилардан тушган мурожаатларни ижобий ҳал этиш орқали уларнинг фойдасига 11 248 621 сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди. Истеъмолчиларга маблағларни қайтариш, уларнинг поймол бўлган ҳуқуқларини тиклаш баробарида, харид қилинган маиший техника буюмларидан фойдаланишда юзага келган нуқсонлар сабаб уларни сервис хизмати ташкилотлари орқали таъмирлатишга ёки бўлмаса бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиши бўйича ҳам талайгина ишлар амалга оширилди.
Фуқароларимизнинг истеъмол маданиятини ошириб бориш мақсадида мунтазам равишда жамиятимизнинг жойлардаги таянч гуруҳларида турли учрашув ва суҳбатлар уюштириб келяпмиз. Учрашув иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек соҳага оид бошқа қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларининг мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишлари ўтказиляпти. Қолаверса туман жамиятининг ҳуқуқий маслаҳатхонаси орқали истеъмолчиларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериб келинмоқда. Жумладан ўтган йилда жамият раҳбари қабулига келган 55 нафар, ҳуқуқий ҳимоя бўйича мутахассис қабулига келган 28 нафар фуқароларнинг соҳага оид муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдамлар кўрсатилиб, бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ҳамда амалдаги қонунчилик бўйича тушунтиришлар берилди.
Олиб бораётган бу каби ишларимизни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш ишларини ҳам узлуксиз давом эттирмоқдамиз. Ҳусусан ҳудудий бирлашманинг istemolchi-info.uz расмий сайти ва телеграмдаги istemolchiinfouz канали ҳамда Facebook, Instagramдаги istemolchi-info саҳифаларида, Федерация муассислигидаги “Iste`mol madaniyati” республика газетасида ҳамда Тошлоқ туман ҳокимлигининг “Тошлоқ тонги” рўзномасида доимий чиқишлар қилиб келмоқдамиз. Бундан ташқари Фарғона вилоят телерадиокомпанияси ҳамда унинг радиогуруҳи билан ҳамкорликда турли кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш орқали фуқароларга қонунларимиз моҳияти тушунтириб борилаётир.
Жорий йилда ҳам бу каби ишларни давом эттирган холда энг аввало фуқароларимизнинг истеъмолчи сифатидаги хақ-ҳуқуқларини янада яхши англашларига кўмаклашиш, муаммоларга дуч келган тақдирда уларни бартараф этишда қонунларга таянган ҳолда иш кўришни мақсад қилганмиз.
Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment