Истеъмолчи талаби вақтида бажарилганида эди…
Учкўприк тумани Қумбости қишлоғида яшовчи фуқаро Қўчқорбой Сирожиддинов Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 қисқа рақамли “Ишонч” телефони орқали мурожаат қилиб, электр таъминоти линиясидаги носозликлар бартараф этилмагани сабабли хонадонидаги электр ҳисоблагичи кўп маротаба ишдан чиққани, тўртинчи ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг электр таъминоти корхонаси олдинги ҳисоблагичда мавжуд бўлган ҳақдорликни янги ҳисоблагич рақамига ўтказиб беришмагани ва ортиқча 100 000 сўм тўлов қилдирганидан норози эканлигини билдирган.
Унинг аризаси туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари асосида ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар жараёнида истеъмолчи фойдаланувидаги типи DDS 28 U (60 A) маркали электр ҳисоблагичи мансублик чегарасига чиқарилмаганлиги, кўрсаткичи 00353 кВт эканлиги, назорат ва давлат (ГОС) муҳри жойидалиги, ишлаб чиқарувчи (завод) рақами 1884046 эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, туман ЭТК ПК-учёт ҳисоблаш дастуридан Қ. Сирожиддиновнинг (5272136) абонент картаси олиб ўрганилганида таъминотчи корхона томонидан хонадон фойдаланувидаги ҳисоблагич 25 февралда алмаштирилганлиги ва ЭТК ПК-учёт базасига киритилганлиги аниқланди. Истеъмолчининг эски ҳисоблагичдаги ҳақдорлиги, яъни 401385 сўм ва 100 000 сўм тўловлар янги ўрнатилган ҳисоблагичга 11 март куни ўтказилган. Агар таъминотчи корхона ходимлари истеъмолчининг талабларини ўз вақтида қондирганида, ўз вазифасига масъулият билан ёндошганида эди аҳоли томонидан бундай норозиликлар келиб чиқмаган бўларди.
Ушбу ҳолат юзасидан аризачи Қ. Сирожиддиновга истеъмолчилик ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда туман ЭТК ходимларига Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунлари моҳияти тушунтирилди.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,
Учкўприк тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Post Comment