Жавобгардан моддий ва маънавий зарарлар ундириладиган бўлди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Федерация аъзоси М.Мамажанованинг манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритилганди. Ниҳоят ишни судда кўриб чиқиш ишлари ниҳоясига етиб, фуқаронинг қонуний талаблари қаноатлантирилиши бўйича суднинг ҳал қилув қарори ҳам чиқарилди.
Аслида нима бўлганди? Истеъмолчи “Sug`diyona Nazirabegim” оилавий корхонаси билан тузилган шартнома асосида, истеъмол кредити шартларида, бир дона тикув машинаси ҳамда оверлокни 16 млн сўмга харид қилишга келишади. Ушбу мақсадлар учун АТБ “Микрокредитбанк”нинг кредити ҳам ажратилиб, ўз муддатида сотувчи ҳисоб рақамига ўтказиб ҳам берилади. Лекин сотувчи томонидан ўртада тузилган шартномадаги мажбуриятлар, яъни унинг 9 млн сўмга тенг қисми тўлиқ бажарилмасдан келинади. Натижада истеъмолчи ушбу ҳолат юзасидан амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг Фарғона шаҳар жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар жамияти томонидан тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, судга даъво аризаси киритилгач, суд томонларнинг кўрсатмалари, мавжуд ҳужжатлар асосида ишни кўриб чиқиб, истеъмолчи фойдасига жавобгардан 9 млн сўм моддий зарарни ундириш ва ушбу суммани истеъмолчининг банк олдидаги мажбуриятини бажаришга йўналтириш ҳамда 500 минг сўм маънавий зарарни ундиришни лозим деб топди.
Азаматжон Бабаев
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment