Зарур истеъмол хоссасига эга бўлмаган товарнинг пули қайтарилди

Зарур истеъмол хоссасига эга бўлмаган товарнинг пули қайтарилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Тошлоқ туманилик О. Ашурова шаҳримиздаги “Ипакчи буюм бозори”дан сотиб олган кондиционернинг талаб даражасида ишламаганлиги ҳолати юзасидан мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчига кўра, у 16 ноябр куни буюм бозорига кондиционер харид қилиш учун борган. Бу ерда ўзига бироз таниш бўлган тадбиркор А. О. томонидан сотилаётган “Avalon” маркали кондиционерни маъқул кўриб сотиб олмоқчи бўлганида, сотувчи унга ҳозир “Artel” маркали кондиционерларга акция кетаётганлигини, қолаверса нархи ҳам арзонроқлигини айтиб, шулардан бирини харид қилишни тавсия қилган. Харидорни нархлардаги тафовут ҳам қизиқтиргани бир бўлгану, сотувчининг “жавоб бераман, ишламаса олиб келаверасиз” деган ваъдасиям далда бўлиб, “Artel” маркадаги кондиционерни, хонадонига ўрнатиб бериш шарти билан, 5 млн сўмга сотиб олади. Лекин хонадонга ўрнатилган кондиционер уйни иситиш ўрнига фақат совуқ ҳаво ҳайдайвергач, истеъмолчи сотувчи билан боғланиб, кондиционер яхши ишламаётганини, фақат совуқ ҳаво ҳайдаётганини тушунтиради. Сотувчи хонадондаги электр токи қувватининг етарли даражада эканлигини билиш мақсадида электр устасини юборади. Уста кондицонернинг тўла қувват билан ишлашига электр токи қуввати пастлик қилаётганлигини айтгач, истеъмолчи сотувчидан кондиционерни “Avalon” маркалисига алмаштирилишини сўрайди. Лекин сотувчи орада нархлар ошиб қолганлигини важ қилиб, алмаштириб бериш ишларини пайсалга солган. Истеъмолчи у ҳолда пулини қайтарилишини талаб қилади ва ўртада келишмовчилик юзага келади.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси талабларидан келиб чиқилса, ушбу ҳолатда истеъмолчига товар ҳақида етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги пастроқ электр токи қуввати шароитида тўлақонли ишлай олмайдиган кондиционер сотиб олинишига сабаб бўлган. Бундай ҳолатда эса истеъмолчи зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинганлиги важи билан, шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Истеъмолчининг шаҳар жамиятига қилган мурожаатини ўрганишда қонуннинг мазкур талаблари бўйича сотувчига тушунтиришлар берилди. Ўрганиш якуни билан эса, зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товарнинг истеъмолчи хонадонидан олиб кетилиб, унга бундай товар учун тўланган 5 млн сўм пулини қайтарилишига эришилди.

Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment