Consumers International 2023 йилги Глобал конгрессини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилмоқда
Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) бош директори Ҳелена Лоран Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси номига мурожаат хати йўллади. Унда ташкилотнинг навбатдаги Глобал конгрессини 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилмоқда ва Ўзбекистон ҳукумати бунга рози бўлса, расман қизиқиш билдириши сўралмоқда.
Глобал конгресс ҳар 4 йилда бир марта дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилади. Унда аъзо ташкилотлар етакчилари йиғилиб, истеъмолчилар ҳақларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мавжуд аҳволни баҳолаш, улар имкониятларини кенгайтириш ва келажак режаларини тузиб олишга оид масалаларни муҳокама қилади ва Consumers International раҳбарларини сайлайди.
1960 йилда ташкил этилган Consumers International истеъмолчилар ташкилотларининг глобал тармоғи бўлиб, унга дунёнинг барча қитъаларидаги 100 дан ошиқ мамлакатнинг 200 дан ошиқ истеъмолчилар ташкилоти аъзодир. У БМТда маслаҳатчилик мақомига эга, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотида(OECD) махсус иқтисодий гуруҳ ҳисобланади ва Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг (ISO) маслаҳат гуруҳи таркибига киради.
Ташкилотнинг сўнгги глобал форумларини Португалия (2019), Бразилия (2015), Гонконг (2011) ва Австралия (2007) ҳукуматлари қабул қилган.
“Агар Ўзбекистон конгрессни ўтказишга розилик билдирса, биз хурсанд бўлар эдик. Барча конгрессни ўтказишга қизиқиш билан боғлиқ таклифларни Consumers International Бошқаруви кўриб чиқади ҳамда бу аъзо истеъмолчилар ташкилоти унинг ҳукумати ўртасида ишончлик ҳамкорлик ўрнатилишига кўмаклашади”, – дейилади Лоран хоним хатида.
Қайд этиш жоизки, Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг глобал конгресси у ёки бу мамлакатда ўтказилиши нафақат у ерда истеъмолчилар ҳақларини ҳимоя қилиш яхшиланишига туртки беради, қолаверса, мамлакатнинг дунё ҳамжамияти кўз ўнгидаги обрў-эътиборини ҳам оширади.
Яна бир жиҳати, Ўзбекистондек туризм соҳасини ривожлантиришни иқтисодий тараққиётнинг етакчи соҳаларидан бири сифатида белгилаб олган мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга, чунки сайёҳлар истеъмолчилар сифатида истеъмолчилар ташкилотлари вакилларига кўпроқ ишонади.
Қолаверса, бундай тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши туризм соҳасида ҳам истеъмолчилар ҳақларини ҳимоя қилишга ва дунёдаги янада кўпроқ сайёҳлар эътиборини жалб этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Федерация матбуот хизмати
Post Comment