Нуқсон сотувчи томонидан 20 кун ичида, ишлаб чиқарувчи томонидан эса 10 кун ичида бартараф этилиши лозим
Риштон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Мискин маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш.Нўмонованинг харид қилинган кир ювиш машинасида нуқсон кузатилгач, машина сервис марказига олиб кетилиб, нуқсонни бартараф этиш ишлари пайсалга солинаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у Қўқон шахридаги савдо дўконидан “ZIFFLER” фирмасида ишлаб чиқарилган кир ювиш машинасини 3 млн 900 минг сўмга харид қилган. Хонадонга келтирилган кир ювиш машинасининг орадан бир неча кун ўтиб эшик қисми сенсори ишламай қолган. У компания сервис марказига қўнғироқ қилиб, ҳолатни тушунтиргач, сервис хизмати ходимлари келиб кир машинани олиб кетганлар. Лекин орадан 12 кун вақт ўтиб кетсада таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмай келган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига кўра, товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозим. Ушбу ҳолатда сервис маркази қонунда белгиланган муддатларни 2 кунга ўтказиб юборган. Бундай ҳолатга йўл қўйилиши эса ишлаб чиқарувчи вакили томонидан ўтказиб юборилган кунлар учун неустойка (пеня) тўлаш мажбуриятини келтириб чиқариши мумкин.
Ушбу ҳолатлар сервис маркази ходимлари билан телефон орқали боғланилиб тушунтирилди. Натижада кир ювиш машинаси тез муддатларда таъмирланиб, истеъмолчининг яшаш манзилига етказиб берилди.
Ҳусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment