Сифатсиз тайёрланган буюртмадаги камчиликлар тўғриланди
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Чўлигулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи С.А.нинг буюртма қилинган эшик-ромларни ижрочи томонидан сифатсиз тайёрлангани борасидаги мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчига кўра, у туманнинг “Сувлиариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолиятини олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркорга 1 дона эшик ҳамда 3 дона ром тайёрлаб бериши учун буюртма беради. Истеъмолчи буюртманинг тўлиқ қиймати бўлган 3 млн 150 минг сўмни 100 фоиз олдиндан тўлайди. Буюртма келишилган кунда тайёр бўлиб, ижрочининг вакили томонидан хонадонга келтирилганида, эшик ва ромлар буюртма бериш вақтида истеъмолчи томонидан танланган ранг ва сифатда эмаслиги маълум бўлади. Истеъмолчининг бу борада сотувчи вакили ва ижрочига билдирган эътирозлари эса эътиборсиз қолдирилади. Шундан сўнг истеъмолчи туман жамиятига мурожаат қилиб, ўзининг қонуний ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчининг эътирозлари ўринли эканлиги исботини топгач, ижрочига амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари, хусусан, қонуннинг 19-моддасига кўра, ижрочи томонидан ишларни бажариш қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда иш бажарилмаслиги, бундай ҳолатларда истеъмолчининг ҳуқуқлари, қонун талабларини бузилиши натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан тушунтиришлар берилгач, буюртма қайтадан бажарилишига ва истеъмолчи танлаган ранг ва сифатдаги эшик-ромлар унга етказиб берилишига эришилди. Шунингдек, тадбиркор ўз иш фаолиятини асосан оғзаки келишувлар асосида олиб бораётганлиги кузатилиб, унга истеъмолчилар билан ёзма шартномалар, ҳеч бўлмаганда махсус тайёрланган буюртма бланкалари асосида буюртмаларни қабул қилиб олишнинг афзаллик томонлари ҳам тушунтириб ўтилди.
Шавкатжон Саидов,
туман жамияти бош мутахассиси.
(иллюстратив фото)
Post Comment