Ўз вақтида қилинмаган иш – келтирар ташвиш
– Ассалому алайкум, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятими?–дея сўрашди ўзларини Умиджон ва Назокатхон дея таништирган эр ва хотин.
– Ваалайкум ассалом, келинглар, бизга қандай хизмат бор?- дея юзланамиз уларга.
– Учкўприк тумани Шодлик даҳасида яшаймиз, – дейди Назокатхон Олимова, кеча МИБ ходимлари хонадонимизга келиб, фойдаланилган электр энергиясидан 209 000 сўм қарздорлигимизни ва ўз вақтида тўлов қилиш кераклигини айтишди. Лекин қарздорлигимиз суммасига шубҳамиз бор, шунга аниқлик киритиб бера оласизларми?
Мурожаат амалдаги тартиб қоидалар асосида расмийлаштирилиб, мутахассисларимиз томонидан ўрганилди. Ўрганишлар эса, мазкур хонадоннинг ҳақиқатда 134 685 сўм қарздорлиги мавжудлигини кўрсатди. Шунинг билан биргаликда, ўрганишлар давомида 2017 йилнинг 15 июн кунида акт-далолатномаси тузилганлиги, унга асосан ҳам истеъмолчи зиммасида 74 887 қарздорлик мавжудлиги қайд қилинди.
Ушбу ҳолат юзасидан Умиджон ва Назокатхон Олимовларга тушунтирилганида, улар 2017 йилда ҳақиқатан ҳам туман ЭТК ходими томонидан акт-далолатномаси тузилганлигини тан олишди, лекин 74 минг сўм жаримадан бехабар эканликларини айтишди. Истеъмолчиларга юзага келган қонуний қарздорликни тезликда бартараф этиш чораларини кўриш лозимлиги тушунтирилди.
Лекин шу ўринда битта мулоҳаза. Агар акт-далолатнома тузган ЭТК ходими (ҳозирда собиқ) ўз вақтида истеъмолчини бу ҳақда хабардор қилган, далолатноманинг мазмун-моҳияти, унинг тузилиши келтириб чиқарадиган оқибатлар ҳақида истеъмолчига тушунтиришлар бера олган, шу соҳанинг бошқа масъуллари ҳам, ўтган икки йил вақт оралиғида, истеъмолчидан далолатнома асосидаги жаримани ундириш чораларини кўрганларида эди, балки бугунги кўпгина тушунмовчиликлар келиб чиқмаган, уларнинг олди олинган бўлар эди.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,
Учкўприк тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси
(юқорида иллюстратив расм)
Post Comment