Сифатсиз тиббий хизмат учун тўланган уч миллион сўмга яқин пул маблағи истеъмолчига қайтарилди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Сойбўйи кўчасида яшовчи О. А. нинг стоматолог шифокор томонидан кўрсатилган тиббий хизмат сифатидан норози бўлиб, ушбу йўналишда кўрсатилган хизмат учун амалга оширилган 2 900 000 сўм пул маблағини қайтариб олишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли. Юзага келган ҳолатда истеъмолчи ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, шартнома бекор қилинишини ва кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилмоқда.
Олиб борилган ўрганиш ишлари давомида тиббиёт муассасига ташриф буюрилиб, муассаса раҳбари ҳамда шифокор билан учрашилди, истеъмолчи томонидан билдирилган важларни тасдиқлаш мақсадида уни тиббий мутахассис кўригидан ўтказилди. Натижа истеъмолчининг ҳақлигини кўрсатгач, унинг томонидан тиббий хизматлар учун амалга оширилган 2 900 000 сўм пул маблағини тўлиқ қайтарилишига эришилди.
Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment