Истеъмолчини уч ой қийнаб келган муаммо уч кун ичида бартараф қилинди
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Марҳамат кўчасида яшовчи М.А.нинг харид қилинган телевизорда ишлаб чиқарувчи корхона томонидан йўл қўйилган нуқсон аниқланган бўлсада, уни алмаштириб бериш ишлари пайсалга солинаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатидан маълум бўлишича, “Avalon” русумли телевизор ва унга таглик (подставка) билан 2023 йилнинг 12 декабрида шаҳардаги “Медиа парк” дўконидан 12 000 000 сўмга харид қилинган. Истеъмолчи телевизордан фойдаланишининг иккинчи кунидаёқ нуқсони мавжудлигини аниқлаб, “Artel” сервис марказига мурожаат қилган. Сервис марказидан ташриф буюрган мутахассис томонидан нуқсонга ҳақиқатан ҳам ишлаб чиқарувчи корхона айби билан йўл қўйилгани эътироф қилиниб, уни алмаштириб берилиши ваъда қилинган бўлсада, бу ишлар истеъмолчи шаҳар жамиятига мурожаат йўллаган кунга қадар пайсалга солиб келинган.
Мурожаатни ўрганиш доирасида сервис маркази масъуллари билан учрашилиб, юзага келган ҳолатда амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари, нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиблари ҳамда ушбу талабларни бажарилмаслиги натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўрганиш ишлари эса сервис маркази мутахассислари томонидан истеъмолчи хонадонига ташриф буюрилиб, нуқсонли телевизорни худди шу маркадаги мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиши билан якун топди.
– Уч ой аввал сотиб олган телевизоримда нуқсон аниқланганди. Узоқ пайтлардан бери алмаштириб ололмаётган нуқсонли телевизорни сизларнинг аралашувингиз билан уч кун ичида алмаштириб олдим. Сизларга катта раҳмат,– дейди истеъмолчи шаҳар жамиятига берган ташаккурномасида.
Усмонжон Рузиев,
шаҳар жамияти мутахассиси.
Post Comment